1

Қашқадарёда тарвуз пишиғига оз қолди

ЖАМИЯТ 26.04.2020, 16:19
Теглар: Қашқадарё, тарвуз
Қашқадарёда тарвуз пишиғига оз қолди

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида полиз маҳсулотларидан тарвуз етиштиришнинг ўзига хос мактаби яратилган. Бу тажриба айниқса туманнинг Кўкдала ҳудудида кенг қулоч ёйган бўлиб, бу ердаги миришкор деҳқонлар тарвуз парваришлашнинг интенсив усулларини қўллаб, серҳосил навларни етиштиришмоқда. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди.

Жорий йилда ҳам туман буйича 14 минг гектар ерга тарвузнинг эртачи, ўрта ва кечки навлари экилиши мўлжалланган.

– Шу йил ҳам 5 гектар ерга тарвуз экканмиз. Биз уруғни ерга қадаганда қор бор эди. Ўзига хос меҳнати ҳам бўлди. Гектаридан 20 тоннагача ҳосил олиш ниятидамиз. Маҳсулотларимиз бутун мамлакатимиз бўйлаб тарқалади, элдан ортганини Россия ва Қозоғистонга ҳам экспорт қилмоқчимиз, – дейди тумандаги “Ражаб ота” фермер хўжалиги раҳбари Улуғбек Жуманазаров. 

Маълумот учун, бу йил Чироқчи туманида 385 та фермер хўжаликлари ва 591 та томорқа эгалари тарвуз етиштиришга бел боғлашган.

Эътиборлиси, 5 030 гектар ерга экилган эртапишар тарвузнинг дастлабки хосили май ойининг биринчи ўн кунлигида пишиб етилади.

Мазкур йўналишда Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам зарур чора-тадбирлар белгилаб олинган. Ҳудудда етиштирилган қишлоқ хўжалиги ва полиз маҳсулотларини экспортга жўнатишда экспортёрларга доимий равишда яқиндан ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Божхона расмийлаштирувларининг соддалаштирилган тартибда “яшил йўлак” орқали амалга оширилиши, тадбиркорларнинг қимматли вақтини ва маблағини тежашга, маҳсулотларни сифатини сақлаш ҳамда манзилга тезкор етиб боришларини таъминламоқда. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1