Тбилисида якшанбага ўтар кечаси шамол билан кучли жала қуйди. Сув оқими турар-жой ва биноларни сув остида қолдирди, йўллар ва инфратузилмаларга зарар етказди. Шаҳар ҳайвонот боғи сув остида қолди. Ҳайвонларнинг бир қисми шаҳарга чиқиб қочиб кетишди, баъзиларини эса отиб ташлашга тўғри келди, сабаби улар одамларга зарар етказиши мумкин эди.
ТАССнинг хабар беришича, ҳозирда Грузияга Латвия, Арманистон, Озарбайжон, Туркия, Украина ва бошқа бир қатор мамлакатлар ҳукумати ўз ёрдамларини таклиф этишган.
Мамлакат бош вазири Ираклий Гарибашвили бунга жавобан ҳалокат билан мустақил равишда кураша олишаётганини, бироқ молиявий ёрдам керак бўлиши эҳтимоли мавжудлигини маълум қилди.
15 июнь куни мамлакатда мотам куни деб эълон қилинди.
Ҳозирча табиий офат оқибатида ҳалок бўлганлар сони расман 12 кишини ташкил этмоқда, улардан уч нафари ҳайвонот боғи ходимлари. Яна 20 киши бедарак йўқолган дея рўйҳатга олинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, сув тошқинидин етадиган моддий зарар 22 миллион долларни ташкил этади.
Сув тошқини оқибатларини бартараф этиш ишларини ҳукумат қарори билан ташкил этилган фавқулодда штаб бошқармоқда. Мазкур ишларда шаҳар махсус хизмати ходимлари билан бир қаторда юзлаб кўнгиллилар ҳам иштирок этишмоқда.