АсосийShou-biznes

Гулчеҳра ЭШОНҚУЛОВА: «МЕНИ БАХТЛИ ҚИЛА ОЛАДИГАН ИНСОН УЧРАДИ!»

Бу актрисанинг ижросида сунъийликни сезмайсиз, қаҳрамонлари ўзи сингари мулоҳазали, кўзи “гапиради”, “юраг”и уриб туради. Меҳмонимиз актриса Гулчеҳра Эшонқулова билан суҳбатни ўқиб, унинг яна бир қанча қирраларини кашф этишингиз мумкин...

— Гулчеҳра опа, яқинда Истанбулда бўлиб ўтган 16- халқаро ёшлар қурултойида 45 мамлакат орасида Ўзбекистон номидан сиз ҳам қатнашдингиз. Суҳбатни ана шу таассуротлар, ютуқлар билан бўлишишдан бошласак?

— Ҳар икки йилда бир маротаба туркий халқлар йиғилиб, ўн кун давомида маданият кунлари ўтказилади. Мен актриса сифатида Ўзбекистон номидан иштирок этдим. Буюк мутафаккиримиз Алишер Навоий ижодига катта қизиқиш билан қарашар экан. Бу эса менга қўл келди, боиси “Алишер Навоий” спектаклидаги Гули монологини ижро этиб бердим. Барча давлатдан ташриф буюрганларнинг чиқишларини таржима қилиб туришди. Менга навбат келганида эса таржимонга ҳожат қолмади. Қолаверса, эгнимиздаги ва совға сифатида олиб борган миллий либосларимиз ҳам уларда катта таассурот қолдирди. Ўша ерда шу касбни танлаганимдан яна бир карра ғурурландим. Боиси 45 мамлакат вакиллари орасидан 25 нафари  Гулчеҳра Эшонқуловани “Фотима ва Зуҳра” фильми орқали танир экан. У ерда махсус “Имзо куни” бор экан, яъни санъаткорлар мухлисларига дастхат берадиган кун. Ўша ердаги мухлисларим учун иштирокимда “Имзо куни” ўтказилди. Ўзбекистонлик актриса сифатида юртимиз номини таратиш бу мен учун чинакам БАХТ эди. Давлатлар орасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик  тобора мустаҳкамланиб бораётганидан қувондим. Навбатдаги Қурилтойга ҳам таклиф қилишди, ҳурсанд бўлдим.       

— Гулчеҳра опа, юқорида Ўзбек Миллий академик драма театри саҳнасида ижро этган Гули ролингиз ҳақида сўз очдингиз. Нафақат бу, балки Офелия ролини ҳам ўйнаш бахтини берган саҳнани соғинмайсизми?

— Соғинаман! Шунинг учун ҳам турли тадбирларда Гули монологини ўқиб, бироз ўзимга таскин бергандек бўламан. Сохта камтарликни четга суриб, ростини айтаман театрда ишлаш учун вақтим йўқ. Бу кинодаги фаолиятим билан боғлиқ эмас. Баъзи актрисаларимиз “ҳам театр, ҳам кинога вақтни тенг тақсимлай оламан”, дейишади. Лекин ишдан ташқари шахсий режаларим ҳам бор. Театрни танлаган ижодкор, театр учун яшаши керак. Мен бундай яшолмайман...

— Кўпчилик ижодкорлар ишлашни орзу қиладган Ўзбек Миллий академик драма театридан кетишингизга ҳам шахсий режаларингиз сабаб бўлган экан-да?

— Пул топиш учун фильмларда суратга тушиш билан банд эдим. Қолаверса, магистратура босқичида ўқирдим. Илмий иш ёзиш осон эмаслигини ўзингиз яхши биласиз. Шу сабаб театрдан кетганман. Бироқ бу қароримдан бугун пушаймон эмасман! Чунки мендан кейин ишга келган актрисаларга насиб этмаган иккита тарихий спектаклда бош қаҳрамон ролларини ижро эта олдим. Театр ижодкор учун пойдевор, демак менинг пойдеворим мустаҳкам.

— Тўғрику-я, бироқ актёр маҳоратини чархлаб турмаса, ўтмас пичоқдан фарқи қолмайди!

— Фикрингизга қўшилмайман. Чунки фильмларда роль ўйнамайман, қаҳрамоним ҳаётида яшайман! Масалан, беш йил танаффус қилганимдан кейин ҳам фильмга чақиришса, ролимда яшай оламан. Устозим Турғун Азизов шу жиҳатга эга эканим учун ҳам Гули ва Офелия ролларини ишониб топширганди. Ҳаётда роль ўйнашади, мен эса бу ишни  эплолмайман. Тили ва дили бир инсонман.

— Ролингизда яшашингиз учун режиссёр, сценарий ва партнёрнинг профессионал ё акси эканини аҳамияти борми?

— Маҳоратимга ишонганим учун уччовининг ҳам таъсири йўқ. Нопрофессионал партнёрлар билан ишлашимга тўғри келганда ҳам истеъдодимга суянганман. Режиссёрлар билан ҳам тил топишиб ишлайман. Бироқ билим доираси заиф эканини билсам, очиқчасига таклиф қилган ролини рад этаман. Бор кучим, асабимни бундай “ижодкорлар”га сарфлашни истамайман. Ўйлаб қарасам, сценарий танлашим мумкин экан.   

— Демак, келажакда Гулчеҳра Эшонқуловани театр саҳнасида кўрмаймиз-а?

— Эртанги кун учун бирор нима деёлмайман, вақт кўрсатади.

— Актёрларнинг “юрак” бериб, роль ижро этиши соғлигига таъсир ўтказмай қолмайди. Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқова юрак ҳуружидан кейин “Кўнгил” спектакли билан саҳнага қайтди. Ҳамкасбларининг “юрагингизни зўриқтирманг”, деган гапларига қулоқ тутмай, “юрак” бермай, роль ўйнолмас эканман”, дейишни канда қилмайди...     

— Қани энди касбимизнинг мана шундай қийинчиликларини “артис-да, иши осон”, дейдиганлар англаса. Актрисани келин қилишни истамаганлар бир кун биз билан юрса, ишимиз қанчалик машаққатли эканини, кун тартибимиз йўқлиги, дам олиш кунларисиз ишлашимиз, ойлаб яқинларимизни соғиниб гастролларда юришимизни тушуниб етишарди. Масалан, мен ҳам бошқалар сингари хонтахтада ўтириб овқатланаман, уй юмушларини бажараман, шукр ота-онам бор. Ўзгаларни шахсий ҳаётини муҳокама қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Шу маънода мени эмас, ролларимни танқид, ижроимни муҳокама қилишсин, қабул қиламан. Шахсий хатти-ҳаракатларим юзасидан Яратган ва ота-онам олдидагина жавобгарман, холос.       

— Анча вақт кино оламида кўринмай қолдингиз. Бу ролларни танлаш даражасига етганингиз билан боғлиқми ё режиссёрлардан таклиф йўқмиди?

— “Рашк”, “Фарёд-2” фильмларида борман-ку! Санъатга қадам қўйганимдан буён роль танлайман. Шу кунгача бирорта бўлар-бўлмас фильмда чиқмаганман. Шунинг учун мухлислар актриса сифатида соғинишса керак. Сўнгги вақтларда катта экранларга чиқаётган аксарият кинокартиналар бир чақага арзимайди. Мен истеъдодимни бундай “фильм”лар учун сарфлайдиган актриса эмасман! Анча вақтдан бери “портлаш” даражасидаги  фильмнинг ўзи бўлмади, шунинг учун ҳам Гулчеҳра Эшонқулова кинода йўқ. Маҳоратли режиссёр ва “юк”и бор сценарийларнинг менга етиб келиши қийин бўлди, холос. Ҳозир “Меҳмона” номли сериалида бандман.     

— Кимонодаги расмларингизни кўрдим. Япон маданиятини ўргангандирсиз, ахир махсус либос кийиш билан иш битмайди-ку?

— Албатта! Чой узатиш маданияти, кимонони кийиш қонун-қоидалари, хуллас барчасини ўргандим. Япония элчихонасининг вакили билан маслаҳатлашган ҳолда махсус матолардан кимоно тиктирилди. Суратга олиш майдончасига “шу эпизодни ўйнасам, ишларим бор, кетаман”, деб бормайман. Ишимнинг масъулиятини чуқур ҳис этаман. Бу сериал томошабин учун янгилик бўла олади. Чунки ҳатто эпизодик ролларга ҳам профессионал актёрлар таклиф этилган. Баъзилардан “Кореянинг “Муҳаббат ва эҳтирос” сериалидан кўчирмами?” деган саволларни ҳам эшитдим. Кечирасизлар-у Ўзбекистонда меҳмона йўқми? У ердаги ходимларнинг ҳам ҳаёти бор-ку! Ишонсангиз, ҳар куни меҳмонхонага бориб, бир хил кийимда юриб, ўзимни ўша ерда ишлайдигандек ҳис қиляпман (кулади).   

— Бугун фильмларда янги чеҳралар бош қаҳрамонлар ролини ўйнаяпти. Сиз бу даврдан ўтдингизми ё ҳали ҳам бош ролларга даъвогарлик қила оласизми?

— Янги чеҳралар мендан олдин ҳам чиққан, кейин ҳам чиқади. Бу жараённи тўғри қабул қиламан. Кўзларини пирпиратиб, сочлари шамолда учиб турадиган қаҳрамонларни ўйнайдиган даврдан ўтдим. Бундай ролларни бошқа  актрисалар ўйнай қолсин. Бош ролдан кўра “юк”и бор иккинчи пландаги ролни афзал биланман. Очиғи, ҳамкасбларим орасидан Дилноза Кубаева, Гулчеҳра Эшонқуловадан иборат бўлган кучли иккиталикка кира оладиганларни излагандим.   

— Топа олдингизми?

— Мен сингари “юк”ли ролларни ижро этадиган битта актриса бор. Лекин негадир ҳозир ижодини тўхтатиб қўйди. Кимлигини айтиб, қолган актрисаларни хафа қилмоқчимасман. Драматурглар ўқишли асар ёзса, исталган актриса уни маҳорат билан экранга олиб чиқа олади. Лекин кўпчилик режиссёрлар драматурглар билан ишлашдан кўра Улуғбек Қодиров, Фаррух Соипов, Дилноза Кубаева, Гулчеҳра Эшонқуловани “клон”ини излашди. Бу бесамар уриниш, деб ўйлайман. Балки бизнинг омадимиз тижорат фильмларининг илк қалдирғочлари бўлганимиздадир...  

— Ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтининг магистратура босқичини тамомлагансиз. Наҳотки, педагог бўлиб ишлаш ниятингиз йўқ?

— Эллик ёшга кирганимдагина педагог бўлиб ишлашим мумкин. Ҳозир маҳоратимни ўзим учун фильмларда ишлатгим келади, талабалар учун эмас. Қолаверса, кўпроқ кинокартиналарда суратга тушиб, етарлича тажриба орттириш истагидаман.   

— Илк бор «Озод-шоу»да «Нетай» қўшиғини хонанда Отабек Муталхўжаев билан дуэт қилиб куйлаб чиққандинглар. Шаҳзоданинг концертида эса «Ҳаёт айт» қўшиғини трио тарзида ижро этдингиз. Шаҳзоданинг бу таклифини қабул қилиш, «Фотима ва Зуҳра» фильмидаги учликни саҳнада кўрсатиш эдими ё хонандаликка қўйилаётган қадамлар десак ҳам бўладими?

— Хонандаликка даъвогарлигим йўқ. Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтини тамомлаган актрисалар ўзини хонандаликка ураётгани йўқ. Журналистларга мурожаатим, мутахассисликка эга бўлмаганларни титр ё газетада “актриса” эмас, фалон фильмнинг “бош роль ижрочиси”, деб ёзишларини сўрардим. “Фотима ва Зуҳра” фильми Шаҳзода, Улуғбек Қодиров ва мени халққа танитган. Очиғи, Шаҳзоданинг таклифидан жуда ҳурсанд бўлдим. Учовимиз ўша кунларга қайтгандек бўлдик, маза қилиб ишладим.

— Актриса сифатида дунё саҳнасига чиқиш учун тил билмаганингиз панд бераётганини айтиб, итальян тилини ўрганишга киришганингизни айтгандингиз. Бу иш ярим йўлда қолмадими?

— Суратга олиш ишлари сабаб, нафақат итальян, турк тилини ўрганиш ҳам ярим йўлда қолди. Лекин вақт топиб, албатта бу ишни ниҳоясига етказишга ҳаракат қиламан.   

— Сочингизни кесганингизда кўпчилик мухлисларингиз бу қарорингизни қабул қила олишмади. Қалин сочни бахридан ўтишга қандай кўзингиз қийди?

— (Кулади) Сочимни кесиш ва қошимни теришда мухлислардан рухсат олмасам бўлмайди-ёв? Сочимни рангини ўзгартирмоқчи эдим, сартарош сочимни куйдириб қўйди. Сўнг мажбурликдан узун сочимни калталатдим. Укаларимдан ҳам роса дакки эшитдим.    

— Суҳбатларимиздан бирида «Ҳали кўнглимга ёқадиган йигитни учратмадим. Бўлажак умр йўлдошимни тақдир учратишини истайман. Романтик бўлганим учун совчи орқали эмас, тасодифан  учрашиб қолишимизни хоҳлайман», дегандингиз. Инстаграм тармоғида жойлаётган расмларингизга қараганда, тақдир сизни кутилмаган туҳфаси билан сийлаган кўринади?

— Нозик масаларларга етиб келдикми (кулади)? Гапингизда жон бор, мени бир умр бахтли қила оладиган инсон учради.

— Шу йил тўй экан-да?

— Буни вақт кўрсатади...

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.

    Бошқа янгиликлар