АсосийShou-biznes

Жавоҳир Зокиров: “Туғишган амаким ҳам ёрдам бермаган…”

У билан суҳбатлашмаганимда, унинг “Болалар” гуруҳини қандай тузганию, гиёҳвандлар образини маромига етказиб ижро этиши сабабларини, нега доим салбий роллар ўйнашию машҳур сулоланинг мавҳум сирларини ва энг муҳими Жавоҳир Зокировнинг ҳамма актёрларга ўхшамаган жиҳатларини билиб олмаган бўлар эдим.

— Болалигингизда мактабда чиқадиган ҳар қандай муаммони бир тоғара сомса билан ҳал қилар экансиз…

  • 46 мактабда ўқиганимда мани ёмон кўришарди. Бунинг сабаби улар “ҳа сан Зокировсан, ўзингни шунақа зўр бошқача деб ўйлайсанми” деб ерга уришар эди. Аммо мен улар ўйлагандек ўзимни катта олиб юрмасдим. Уларга кўрик танловларда биринчиликни олиб юришим, истеъдодим ёқмас эди. Кейин 41 мактабга ўтганман, тўғриси у вақтларда муаммоларни “бир тоғара сомса” билан ҳал қилса бўларди.

— Жуда кўп ҳамкасбларингиз сизни Москвага ўқишга Фаррух Зокировнинг ёрдами билан кирган деб ўйлашади...

— Ҳа худди шундай, ҳаттоки Тохир Содиқов ҳам шундай деб ўйлар эди.

— Демак бу гаплар рост эканда…

— 1989 йилда Ўзбекистонга имтихон олиш учун Москвадан келишган. Шу имтихонга мен ҳам қатнашганман. Шунда мен бир дона шеър ўқиб берганман ва шунинг ўзидан ҳайъат аъзолари мени ўша институтга кераклигимни тушунишган. Ваҳоланки, бошқалар бир қанча шеър ўқиб, бошқа ишларни ҳам қилиб беришган эди. Айтмоқчиманки, амаким ўқишга киришимга ҳеч қандай ёрдам бермаганлар. Ўшандан буён ўзимга ишончим жуда баланд.

— Биринчи муҳаббатингиз…

— 16 ёшимда онам билан дадамнинг энг яқин ўртоқларининг Нигора исмли қизини яхши кўриб қолганман. Ота-онамга мен шу қизга уйланаман дегандим-да! Нигоранинг онаси “бу ким, бу артист-ку, биз қизимизни артистга бермаймиз”, дейишган. Ҳозир ўйлаб қарасам, ўшанда фақат бир томонлама севги бўлган экан, чунки у қизни фақат мен яхши корар эдим, у қиз эса мени севмас эди. Муҳаббат эса икки томонлама бўладиган туйғу.

— Турмуш ўртоғингиз машҳур академик, шоир ва ёзувчи Ғафур Ғуломнинг невараси экан...

— Шаҳризодани ёшлигимдан яхши билардим-у, аммо унга юрак ютиб, дил изҳори қилолмаганман. У шунақа ақлли, чиройли қиз бўлгани учун унинг ортидан Тошкентнинг энг зўр йигитлари юрарди. Шу сабабдан менга қарамаса керак, деб ўйлардим. Лекин биз тўрт йил олдин турмуш қурдик ва мен ишонч билан айта оламанки, у менинг ҳақиқий муҳаббатим

Авлод номли гуруҳ сизни ўзларига қўшмагани учун алам устида Болалар гуруҳини тузган экансиз…

— “Болалар” гуруҳини мен ташкил қилганман. 90 йилларда “Авлод” деган гуруҳ бўларди. Бу гуруҳда Наргиз Зокирова, Бакир Зокиров, Баҳодир Зокировлар қўшиқ айтишарди. Уларнинг ёнига бориб мени ҳам шу гуруҳга олинглар, десам “э сен безорисан, сен ундан кўра гитара чалишни ўрган” дейишганди. Мен чалишни хоҳламайман, мен қўшиқ айтишни истайман деганимда йўқ сен қўшиқ айтмайсан дегандилар. Ўшанда Наргиз Зокированинг эри Руслан Шарипов менга ёрдам қўлини чўзган эди. Ўзимнинг туғишган амаким эмас, менга айтарли қариндош ҳам бўлмаган одам ёрдам берганди. Ўша вақтда Баҳодир деган дўстим бўларди. Унга “кел бир гуруҳ тузамиз” деганимда, Тохирни гуруҳга олиш таклифини билдирган эди. “Э қўй ўша Тохир-похирингни, иккаламиз ҳам яхши эплаймиз” деганман. Кейинчалик Тохирни ҳам гуруҳга жалб қилдик. Шу билан “Болалар” гуруҳи ташкил топди. Биринчи альбомимизда мен тўртта, Баҳодир битта ва Тохир Содиқов тўртта қўшиқ айтган эди.

— Эшитишимча, ҳар доим оилангизни ўзингиз билан бирга олиб юраркансиз...

  • Тўғри. Лекин, бир ой олдин Москвага бир ўзим боришимга тўғри келди. Етти ойлик фарзандим билан аёлим боролмай қолди. Ўртоғим билан Москва кўчаларида кетяпмиз. Шунда ўртоғим “нега кайфиятингиз йўқ” деб сўраб қолди. “Мен қачонки фарзандим билан аёлим ёнимда бўлсагина тўйиб нафас олгандек бўламан” дедим. Уларсиз менга ҳеч нарса татимайди. Ҳозир ўғлим ёш, агар каттароқ бўлганида, уни съёмкаларга, интервьюларга ҳам олиб борган бўлардим. Хуллас беқарор кўнглимнинг қарор топгани ёки от айланиб қозиғини топгани шу бўлса керак. Кўпинча эркаклар кўча-кўйда таниш-билишлари олдида ўзини хотинидан устун кўрсатгиси, мақтангиси келади. Аслида уйида бошқача вазият ҳукмрон. Айтмоқчиманки эркаклар бир-бирининг олдида роль ўйнайди. Кўчада “ўзини зўр қилиб кўрсатгиси келади. Aммо оилага садоқатли бўлишдан, хотинга вафодор бўлшдан уялмаслик керак. Бизларда жуда кўп ёлғон ишлатилади. Шунинг учун уйда бир гап, кўчада иккинчи гап, ишда учинчи гап. Оиласидан юз буриб, хиёнат кўчасида изғийдиган эркакларни тушунолмайман. Баъзи бир танишларим телефонига пароль қўяётганини кўриб, ажабланаман. Сабабини сўрайман. “Хотиним телефонни титкилайди” дейишади. Бизда эса ҳаммаси очиқ-ойдин. Ҳақиқат ҳеч қачон ҳеч кимни ўлдирмаган.
  • Саволимдан хафа бўлманг-у, баъзилар сизни гиёҳванд ролида кўриб, “ростдан ҳам шунақа эмасмикин?” деб ўйлаши мумкин
  • Ҳақиқий эркаклар ови” фильмида гиёҳвандликка ружу қўйган боланинг ролини ўйнаганим учун “ҳа сен аниқ чекасан, шунинг учун яхши ўйнагансан” дейишади. Жуда кўп одамлар мени гиёҳванд бўлса керак деб ўйлашидан хабарим бор. Ҳеч қачон гиёҳванд модда истеъмол қилмаганман. Шунчаки, мен ҳаётни, одамларни кузатиб юраман, бу кузатувчанлик менга жуда қўл келади. Мен устоз кўрган шогирдман. Ҳозир кино санъатимизда устоз, мактаб кўрмаган актёрлар кўпайиб кетди. Ҳар қалай улардан яхши ўйнай олсам керак. Мен касбимни жуда яхши кўраман. Шахсий бизнесим, дўконларим ёки бошқа тирикичилик манбаларим йўқ, билганим - кино. Шунинг учун астойидил ҳаракат қиламанки, ўйнаган ролларим одамларга етиб борсин. Ё жуда зўр актёр бўлиш, ёки бу соҳадан кетиш керак, ўртамиёналик умуман керак эмас.
  • “Сотқин” фильмида сизнинг ижройингиздаги Ғулом образи кўпгина томошабинларда ғазаб ё нафрат эмас, ҳавас уйғотиб қўймадимикин?
  • Мен бунақа одамларни содда, довдир қилиб кўрсата олмас эдим, чунки бундай ифлослар одамларни жуда яхши биладиган психолог бўлишади. Хўш, Ғуломни ўта олифта қилиб кўрсатганимизнинг сабаби нима? Халқимиз билсин бу одамлар қандай қилиб ичимизга кириб олишию, қандай қилиб ишини бажариб кетишини. Ҳаётда энг кучли одамлар энг оддий одамлар бўлишади. Кучлилар Ғуломга ўхшаб спектакль қўйиб бировларнинг устидан кулмайди. Бугун ёшларимиз кўпинча одамларнинг машинаси, гапирадиган гапи, пулига эътибор беради, аслида эса одамнинг ички дунёсига эътибор бериш керак. Ғулом образи орқали “одамлар, огоҳ бўлинглар, бунақа ифлосларга алданманглар, буларнинг охири вой” демоқчи эдим.
  • Фильмда Ғуломни қамоққа олмасдан, қочириб юборишдан мақсад нима эди?
  • Фильмда Ғулом қўлга тушганида анча ишонарсиз бўлиб қолиши мумкин эди. “Шундай одамлар ҳалиям орамизда юрибди, улардан огоҳ бўлинглар” деган мақсадда уни “қочириб юбордик”. Кўпгина муҳлислар фильмнинг давомини кутишяпти. Билмадим, эҳтимол давоми ҳам бўлиши мумкин.

 -Нега фақат салбий ролларни ижро этасиз?

— Жуда кўп жойларда учрашувларда бўлганимизда ҳам, асосан шу саволни беришади. Баъзида ҳазиллашиб “ўзим ёмон одамман-да, шунинг учун ёмон ролларни беришади” дея жавоб бераман. Аслида, салбий ролларни ҳам кимдир ўйнаши керак-ку? Гоҳида ролдан чиқиб кетолмай қоламан. Шундай ҳолларда ўзими ўқитиб юборган пайтларим ҳам бўлган.

  • Сотқин” фильмида синглингизни урган куёвингизни юзига тупурган жойингиз бор. Ҳаётда ҳам акасиз. Шундай ҳол ҳаётингизда рўй берса...

— Бу ҳол зинҳор-базинҳор бўлмасин-у. шундай бўлиб қолса, орқасига тепиб ҳайдаб юборар эдим.

  • Бугун барча актёрлар, қўшиқчилар қайсидир телелойиҳада қатнашяпти. Масалан, MY5 телеканалида “Ёз ўтмоқда соз” лойиҳаси бугун минглаб томошабинларни ўзига жалб этди. Сизда ҳам шундай лойиҳаларда қатнашиш истаги борми?
  • Ўзимни бошловчи сифатида намоён қилиш учун бир қанча лойиҳлар режасини ўйлаб қўйганман. “Менинг юртим” телеканили бугунги кунда ранг-баранг дастурлари билан оммалашиб бормоқда. Келгусида MY5дан таклиф тушадиган бўлса, албатта шундай лойиҳаларда иштирок этган бўлардим.

Феруз Маматов суҳбатлашди.

    Бошқа янгиликлар