Қашқадарёда ўз отасини ўлдириб, ховлидаги қудуққа ташлаб юборган фарзанд узоқ муддатга қамалди

ЖИНОЯТ 22.05.2020, 10:42
Қашқадарёда ўз отасини ўлдириб, ховлидаги қудуққа ташлаб юборган фарзанд узоқ муддатга қамалди

Кутилмаган совуқ хабар Раҳимсўфи маҳалла аҳлини буткул карахт аҳволга солиб қўйди. Гап шундаки, шу куни уч фарзанднинг отаси Аҳмад Нурматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўз хонадонида тўнғич ўғли Шуҳрат Нурматов томонидан шафқатсизларча ўлдирилиб, ҳовлидаги сувсиз қудуққа ташлаб юборилгани ошкор бўлди. Бўлиб ўтган жиноий иш ҳақида Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судининг судьяси Фозил Юсуповдан эшитдик. 

Кутилмаган совуқ хабар Раҳимсўфи маҳалла аҳлини буткул карахт аҳволга солиб қўйди. Гап шундаки, шу куни уч фарзанднинг отаси Аҳмад Нурматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўз хонадонида тўнғич ўғли Шуҳрат Нурматов томонидан шафқатсизларча ўлдирилиб, ҳовлидаги сувсиз қудуққа ташлаб юборилгани ошкор бўлди.

Хўш, бу муд­ҳиш воқеа қандай содир бўлди? Не­га ўғил бундай разил қилмишга қўл урди?

Бу каби сўровларга жа­воб топиш ҳамда машъум фожиа тафсилотларига ойдинлик киритиш учун аввало ушбу хонадондаги муҳитга назар ташлаш жоиз.

Марҳум Аҳмад Нурматов аввалига турмуш ўртоғи Марям Саломова билан тинч-тотув яшаб, уч фарзандни вояга етказишди. Негадир кейинчалик эр-хотин ўртасида ўзаро келишмовчилик, ножўя гап-сўз­лар кўпая борди. Бу орада Марям бир неча марта болаларини етаклаб, ота хонадонига кетиб қолди. Би­роқ кейинчалик маҳалла-кўй, яқинларининг аралашуви боис, фарзандларининг тақдирини ўйлаб, яна оиласига қайтиб келди. Шундан сўнг уларнинг турмуши яна бир маромда давом эта бошлагандай эди.

Қарангки, бундан икки йил муқаддам арзимас нарсалар устидаги эр-хотиннинг ўза­ро тортишуви катта можарога айланди. Шундан сўнг бу оилада машмашаларнинг чеки кў­ринмай қолди.

Ахийри, уруш-жанжаллардан тамомила безиган аёл қизи Наргизани етаклаб, яна ота хонадонига қайтиб борди. Ўғилларининг каттаси Шуҳрат ва энг кичиги Озодбек отаси билан бирга қолди.

Бу гал маҳалла кайвонилари эр-хо­тинни муросаю мадорага келтиришга қанчалик ҳаракат қилмасин, барибир фойдаси бўлмади. Қисқаси, бир оила парокандаликка юз тутиб, фарзандлар ҳам аросатда қолди.

Ота уйида қолган оиланинг тўнғич фарзанди Шуҳрат қиш­лоқ ҳудудидаги фермер хўжалигида мавсумий иш­­чи бўлиб ишлай бошлади. Ишлаш асносида фермер билан ғалла ҳосили мавсумида иш ҳақи ҳисобидан 800 кило, яъ­ни 1 миллион 360 минг сўмлик буғдой олишга келишиб ҳам олди.

Ваъдага биноан, ғалла мавсуми ни­ҳоясида фермер Шуҳратга келишилган миқдордаги буғдойни ҳи­соблаб беради. Ҳосилни Шуҳрат ота хонадонига олиб келиб туширади ва орадан бир ҳафта ўтгач эса, қўшни Самар­қанд вилоятидан танишлари орқали иш топиб, ишлаш учун жўнаб кетади.

Одатий кунларнинг бирида Шуҳрат Самарқандда ишлаб юрганида отаси унга қўнғироқ қи­либ, «Уйга келиб кет, эртага бозор бў­­ла­ди, буғдойни сотмоқчи бўлсанг, со­­тиб юбор, пулини нима қилсанг, ўзинг биласан», деб қолди. Шундан сўнг Шуҳрат уйи­га қайтиб келди.

Шуҳрат Самарқанддан қайт­­­гач, тўғ­ри онаси вақтинча яшаб келаётган бобоси Со­диқ Пирматовнинг хонадонига келиб, отасининг гапини онасига етказди.

Хуллас, шу куни Шуҳрат буғдойни олиб келиш мақсадида онаси Марям опа ҳамда тоғаси Ҳамдамлар билан ота уйига боришади. Уларни тунд ҳол­­да, совуқ қарши олган отаси негадир онаси ва тоғасини ҳатто дарвозадан ичкарига ҳам киритмайди.

«Ғаллани олиб кетгин», деб ўғилни чақирган ота энди тў­нини тескари кийиб олиб, буғдойни бериб юборишга у-бу баҳоналарни рўкач қилиб, пайсалга сола бошлади. Бундан норози бўлган Шуҳрат тоғаси билан маҳалла раиси ҳамда маҳалла профилактика инспекторига арз қилишади. Вазиятни англаган маҳалла оқсоқоли ва профилактика инспектори Аҳмад акага қўнғироқ қилиб, иш ҳақи эвазига келган буғдойни ўғлига бе­­риб юборишини ётиғи билан тушунтиришади.

Шундан сўнг эртаси куни Шуҳрат онаси билан ғаллани олиб келиш мақсадида яна ота хонадонига йўл олади. Уларни кўриб, жаҳл отига минган ота бу гал ҳам аёлини кўчада қолдириб, ўғлига ҳовлига кириб буғдойни олиб чиқишига изн беради.

Шу асно Шуҳрат ерга тўкиб қўйилган донни бўш халталарга жойлар экан, отаси тўсатдан ўғлига ташланиб, уни силкилай бошлади. Отасининг бу хатти-ҳаракатидан тамомила саросимага тушиб қолган Шуҳрат атрофда лойга ботиб ётган таёқни олиб, ура бошлади. Таёқ зарбидан Аҳмад аканинг оёғи қаттиқ жа­роҳатланиб, йиқилиб тушади.

Дарвоза ортида Шуҳратнинг чиқишини кутиб ўтирган онаси ичкаридан бақир-чақирларни эшитиб: «Отангни ўл­дириб қўясан-ку», дея югуриб келиб, уларнинг орасига тушади. Орадан бир оз ўтгач, эрининг қонга беланиб ётганини кўрган Марям опа кўчада ўйнаб юрган кичик ўғли Озодбекни чақириб, учовлон Аҳмад акани ошхонага кўтариб олиб киришади. Кейин эса, Марям опа Шуҳратга отасини бошқа урмаслигини тайинлаб, яна изига қайтиб кетади.

Таассуфки, онаси кетиб қолгач, Шуҳрат укаси Озодбекни ҳам алдаб, ошхонадан чиқариб юборади-да, кўзи қонга тўлган кўйи, раҳм-шафқат деган тушунчани мутлақо унутиб қў­йиб, ошхона четида ётган темир бўлагини олиб, ўлим билан курашиб ётган отасининг бошига қай­та-қайта уради.

Қисқаси, кетма-кет урилган оғир зарбдан Аҳмад ака воқеа жойида жон таслим қилади.

Кейин эса, Шуҳрат қотилликни яши­­риш мақсадида жасадни йўқотиш йўлларини из­лай бошлади. Шу пайт тўсатдан унинг хаёлига аллақачон суви қуриб қолган ҳовлидаги қу­дуқ келди. У супа четида ёт­ган арқонни олиб, жасаднинг бўйин қисмидан икки-уч марта айлантириб ол­ди. Сўнг эса, ҳовли тўрида молларга сув бераётган укаси Озодбекни чақириб, унга оталарини ўлдириб қўй­ганлигини айтиб, жасадни йўқотишга ёрдам беришини сўрайди:

— Нега ундай қилдингиз, ака?! — деди Озодбек юм-юм йиғлаб. — Нега отамни ўлдирдингиз?

— Йиғлама, — дейди у. — Бошқа иложим қолмади. Онамга, бизларга етказган шунча азоблари учун ўлдирдим.

Акасининг гапидан Озодбек баттар уввос тортиб йиғлайди.

— Бўлар иш бўлди, йиғини бас қил. Энди жасадни йў­­­қо­тишимиз керак, бу ҳақда ҳеч кимга оғиз оча кўр­ма. Акс ҳолда, мен қамалиб кетаман. Сен жасадни ҳув анави қудуғимизгача судрашиб борсанг, бўлди. Қолганини ўзим эплайман.

Шундан сўнг ака-ука жасадни қудуқ томон судрай бошлайди…

Узоқ давом этган суруштирув ва тергов ишлари асносида Шуҳратнинг қотиллиги фош этилди.

Суд ҳайъати ушбу жиноят­ни батафсил ўрганиб чиқиб, судланувчи Шуҳрат Нурматовни Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм этди.

Инчунин, суд судланувчи Марям Алибоевага жазо та­йинлашда, унинг айбига иқ­рор ва пушаймонлигини, муқаддам судланмагани, қарамоғида воя­га етмаган фарзанди борлиги, қил­миши оғир бўл­маган жиноятлар тур­кумига кириши, оилада асосий бо­қувчи экани, бир оиладан ик­ки ки­ши судланаётганини инобатга олган ҳолда, уни жамиятдан ажратмаган ҳол­­да ахлоқан тузатиш мумкин, деб ҳисоблаб, муайян­ муддатда озодликни чеклаш жазоси тайинлашни лозим топди.

Шу ўринда кўнгилдан баъзи бир мулоҳазалар кечади. Аллақачон парокандаликка юз тутган бу оиланинг ҳаё­тини яқиндан билган маҳалла-кўй, қўни-қўшни, қавм-қариндошлар ўз вақтида вазиятни яхшилашга ҳаракат қилганларида, эҳтимол, бу фожиа юз бермаган, ўғил эса, отасининг қо­тилига айланмаган бўлармиди?!

Эҳтимоллар кўп. Аммо эн­ди бундан фойда йўқ. Шундай экан, юқоридаги каби но­­хуш воқеаларнинг қайта такрорланмаслиги учун теварак-атрофимизга теранроқ боқишимиз, одамларнинг ҳаётига ҳеч қачон бефарқ бўлмаслигимиз керак.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1