АсосийShou-biznes

Аслбек Амануллоҳ: “ЭНДИ РАҚС ТУШМАЙМАН!”

Суҳбатга қадар Аслбек Амануллоҳни ўзига бино қўйган,  тўйларга бораман деб бормайдиган, кибрли санъаткор бўлса керак деб ўйлаган эдим. Уч марта суҳбатга рози бўлиб, кейин рад қилгани, қўнғироқларга жавоб бермагани ҳам бу фикрларимни тасдиқлаганди. Суҳбатдан кейин у ҳақда қандай фикрга келганимни суҳбатни ўқиб билиб оласиз…

— Нега журналистлардан қочасиз? Яширадиган, одамларга ошкор бўлишидан қўрқадиган сирларингиз шунчалар кўпми?

— Ҳаётим одамларга қизиқ эмас деб ўйлайман. Кўплар мени ўз ўрнини, даражасини, катта санъаткор эканини билмайдиганлардан дейди. Балки шундайдир, аммо мен ўзимни ҳадеб кўз-кўз қилгим келмайди.

— Энг кўп танқид қилинадиган жиҳатингизни биласизми?

— Рақсга тушишим кўп танқидга учраган. Энди қўшиқ айтаётганимда ўйлаб рақс тушаман. Чунки, уч боланинг отасиман, ёш бола эмасман. Буёғига кенгроқ ўйлаб ҳаракат қилишим керак. Аслида жиддий туриб қўшиқ айтсам ҳам бўларди, аммо менсиз ҳам жиддий туриб айтадиганлар бисёр-да.

— Қизиқ. Охирги “Нодира” номли қўшиғингизда ҳам назаримда олдингидек рақс тушгансиз-ку?

— Бундан буёғига, деяпман-ку!

— Рақс бўйича таълим олганмисиз?

— Тўрт-беш ёшимдан Майкл Жексонга ўзимча тақлид қилиб, рақс тушишни ўрганганман. Аммо рақс бўйича ҳеч қандай таълим олмаганман.

— Сизни ҳеч иккиланмасдан дисклар машҳур қилди деса ҳам бўлади. Чунки клипларингизни камдан-кам ҳолларда телеканалларда кўраман, баъзи  қўшиқчилар ҳаттоки “савиясиз” қўшиқларини тинимсиз айлантираётганда сиз нега жимсиз?

— Тўғрисини айтаман, шу вақтгача телеканалларда чиқиш учун ёки бошқа рекламага бор кучимни бериб ҳаракат қилмаганман. Айтганингиздек мени дисклар машҳур қилди. Балки шу сабабдан бироз эринчоқ бўлиб қолгандирман. Оддий клип ҳам бадий кенгашдан ўтиши  учун нималарга аҳамият бериш керак, клипда нималар мумкин-у, нималар мумкинмаслигини эътибордан четда қолдирибман. Энди шуларга эътибор бераман деганимда, бозор эгалланиб бўлинибди.

— Қайси клипларингиз бадиий кенгашдан ўтмай қолган?

— Деярли ҳаммаси ўтмаган. Катта пулга клип олиб, бир каналга борганимда клипинг тасдиқдан ўтмади дейишди. Нега десам, биз билан доимий шартнома тузинг дейишди. Доимий шартнома шартлари менга фойдадан кўра кўпроқ зиён олиб келарди, шу сабабли рад қилдим. Чунки, мен номимни чиқариб бўлгандим. Машҳур бўлмаган вақтларимда “мен билан ишланглар, шартнома тузинглар”, деб деярли барча компанияларга борганман, барчаси рад қилганди. “Бойлама” чиққандан сўнг  ҳамма менга бирга ишлаш таклифини билдириб қолди. Шунда “барака топкурлар, қийналиб юрган вақтларимда қаерда эдинглар?” дегандим. 

Яқинда санъатдан кетаман дегандингиз.  Бу шунчаки пиармиди? Умуман олганда бунақа “арзон пиар”ларга муҳтож эмассиз шекилли?

— Бу гап пиар бўлмагани учун ҳам шунчалик оммалашиб кетди-да. Агар паир қиламан десам ҳеч кимнинг хаёлига келмаган иш билан қилган бўлардим. Зинҳор ва зинҳор санъатни пиарга аралаштирмайман! Аслида бу қарорим ҳеч кимни қизиқтирмаса ҳам керак деб ўйлагандим.

— Телевиденияда кўринмай, бирорта қўшиғини танитмасдан туриб “Истиқлол” санъат саройида концерт бераётганлар бор. Баъзан уларнинг концертига фақат қариндошлари тушса керак деб ўйлаб қоламан. Халқ биладиган, тинглайдиган, дисклар орқали, телефонлар орқали тарқалган хит қўшиқларингиз бор лекин концертдан эса дарак йўқ. Яна нимани кутяпсиз…

— Бошида, яъни “Бойлама” хит бўлганда концерт беришим керак эди, аммо унда соғлигим билан боғлиқ муаммолар бор эди. Қолаверса, тўрт мингдан ортиқ мухлис олдидаги масъулият ҳам чўчитган. Шу сабабдан бу масъулиятни бўйнимга ололмадим. Худога шукр, ҳозир соғлиғим яхши, энди концерт берсам бўлади. Концерт эмас шоу бўлади, чунки мен шоуменман.

Санъатда ном – бу нон, дейишади, нима сабабдан ҳамма ўрганган Ниғматов  фамилиянгизни Амануллоҳга ўзгартириб нонингизни яримта қилдингиз?

— Биринчи сабаби фамилиям билан чиққан давримда интернетда ҳар хил миш-мишлар, рақс тушган ҳолатим видеолари кўпайиб кетгани сабаб дадамнинг исмларини ўзимга тахаллус қилиб — Омонуллоҳ деб чиқяпман. Ўзингиз ўйлаб кўринг, насиб қилиб, жаҳонга чиққанимда Аслбек Ниғматов деб интернетдан қидиришса, у ерда турли видео роликларга кўзлари тушиб, мен ҳақимда қандай хаёлга боришади? Иккинчи сабаби эса чет элда концертлар бериш бахти бизга ҳам насиб қилиб қолса Аслбек Амануллоҳ ёзувда ҳам, талаффузда ҳам чиройли чиқади.

— Бундан бир неча йил илгари газетамизга берган интервьюингизда “оилам ҳақида ҳеч қандай маълумот бермайман” дегансиз. Ҳали ҳам шу фикрдамисиз?

— Майли, айтақолай. Уйланганман, турмуш ўртоғимнинг исми Гулзира, Андижонда чет тиллари институтини тугатган  боғчада болаларга инглиз тилини ўргатади. Турмуш қурганимизга етти йил бўлди. Уч фарзандимиз бор. Катта ўғлим Мустафо яқинда олти ёшга киради, ўртанча қизимнинг исми Увайсий, кичкинаси Моҳидаврон. Юртимиздаги энг бахтли оилалардан биримиз, дейишим мумкин.

— Феъл-атворингизнинг қайси жиҳати болаларингизда бўлмаслигини хоҳлардингиз?

— Феълим оғир, ўзимга ҳам ёқмайди. Ҳақиқатни талаб қиладиган, озгина ғирромлик аралашган ишдан ҳам кўнгли қоладиган, номарднинг номардлигини  юзига айтиб юборадиган даражадаги тўғрисўз одамман. Фарзандларим кўп нарсага парво қилмайдиган, қўл силтайдиган, феъли кенг инсонлар бўлишини истайман. Чунки ҳаётда ғирром, лафзсиз одамларга кўп дуч келдим ва феълим туфайли уларга қўл силтаб ўтиб кетолмадим...

— Бисотингиздаги нечта қўшиқни бошқаларнинг бисотидан ўғирлагансиз?

— (кулиб) Фақатгина битта “Гули” қўшиғимизни Bad Boys Blue гуруҳидан  илҳомланиб, ўзим учун айтганман, лекин у ҳам оммалашиб кетди. Кейинчалик клип ҳам олдик. Бисотимда фақат шу қўшиқ ўғирланган.

— Сизни тўйга таклиф қилишса, аввалига рози бўлиб,  кейин телефон қилиб “вақтим йўқ, боролмайман” деркансиз. Тўйларга кўп чақиришингизга қарамасдан тўрт йил умуман тўйга чиқмабсиз. Бунинг сабаби нимада?

—Тўғри, бундай ҳолат кўп бўлган. Чунки аҳволим  тўйга чиқадиган даражада эмас эди. Соғлиғим сабаб тўрт йил мобайнида деярли уйдан кўчага чиқмадим. Юрагимда қандайдир қўрқув бор эди. Кўпчилик йиғилган даврага боролмасдим. Ўша вақтларда ўзимдан ўтганини ўзим билдим. Бу гапни сира ошкор қилмагандим, лекин энди очиқ айтаман — шу қўрқув туфайли, ўзим хоҳласам ҳам тўйга чиқа олмадим. Бу ҳам бир синов экан. Уйдагилар мажбурлаганида бир-икки тўйлараг борганман, шу сабаб кўпчилик “бунинг тўйига келди-ю, меникига келмади” деб ранжиган. Мен бетоб ётганимда йўналимшимдан фойдаланганлар ҳам кўп бўлди.

Ҳозир ҳар бир мухлисимизнинг яхши кунларида қатнашиб, ҳатто тўйхонанинг чироқларини ҳам рақсга тушириб  юрибмиз.

— Бетоблигингизда тирикчилик нима бўлди?

— Шу бир-икки марта тўйга чиққаним рўзғоримга етиб турди.

— Санъатдан кетсам бошқа иш қиламан дегансиз, нима иш қилган бўлардингиз.

— Фермер бўлардим ёки ҳовузда балиқ етиштирардим. Ишқилиб ўзимга одамларга фойдаси тегадиган иш топардим.

Устозларингиз ким?

—Аввало дадам, қайнотам. Шахсан шогирд бўлмасада қўшиқларини эшитиб ўрганган устозларим бор: Шерали Жўраев, Авраам Руссо, Таркан... Лекин Шерали Жўраевнинг дуосини олганман. Халқнинг ичида, тўйда “ашулаларинг яхши, менинг қўшиқларимни ҳам айтиб юравер”  деб дуо берганлар.

Тўйларда Шерали Жўраевнинг қўшиқларини айтиб юрармидингиз?

—Айтиб юрмасдим-у, аммо халқ сўрарди...

— Суҳбат учун ташаккур. Сиздан фақат ўзингизнинг қўшиқларингизни кутиб қоламиз.

Феруз МУҲАММАД суҳбатлашди

    Бошқа янгиликлар