Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бу йил ўнинчи бор ўтказилди, дея хабар беради ЎзА.
Қарийб бир ҳафта давомида муаззам Регистон майдонида, “Мўъжиза” ва “Ниҳол” амфитеатрлари, “Ёшлик”, “Сўғдиёна”, “Шаббода” истироҳат боғлари, Самарқанд, Оқдарё, Жомбой ва Тайлоқ туманларида янграган куй-қўшиқлар мухлислар қалбидан чуқур жой олди.
Довруғи аллақачон оламга ёйилиб улгурган, санъат оламида юксак мавқега эга ушбу нуфузли анжуманнинг айнан Самарқанд шаҳрида ўтказилиши бежиз эмас. Зеро, Самарқанд азал-азалдан маданият ва санъат бешикларидан бири бўлиб келган. Бундай бой ва бебаҳо меросга эга бўлган шаҳарлар дунёда кам. Энг муҳими, Самарқанд ана шундай юксак цивилизация намуналари, нодир тарихий ёдгорлик ва обидаларни замонлар оша асраб келаётгани билан ўзига тенгдош бошқа шаҳарлардан ажралиб туради.
Мусиқий форум доирасида меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги музейлар, ҳунармандлик марказлари ва меҳмонхоналарда фестиваль тарихига оид суратлар, миллий ҳунармандлик намуналари ва чолғу асбоблари кўргазмаларини катта қизиқиш билан томоша қилди. Ноёб меъморий ёдгорликлар, бетакрор тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар зиёрати, истиқлол йилларида бунёд этилган замонавий иншоотлар иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.
Фестивалда кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва санъат намояндалари иштирок этди. Қатнашчилар анжуман доирасида ўтказилган илмий конференция, турли маданий тадбир ва бадиий кечалар, учрашув ва мулоқотларда, жойларда ташкил этилган Мустақиллик байрамига бағишланган тантаналарда қатнашди. Улар бир-бирлари билан фикр ва тажриба алмашиб, ижодий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди.