АсосийJamiyat

Пойтахт битирувчиларининг 99.1 фоизи таълимнинг иккинчи босқичи билан таъминланди

Жорий йилда пойтахт мактабларини жами 34910 нафар ўғил-қиз битиргани эътиборга молик. Бу катта рақам, албатта.  Уларнинг академик лицейлар ҳамда касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттиришларини таъминлаш борасида йил давомида бир қатор ишлар қилинди. Аввало, ҳар бир мактаб битирувчилари ўз ҳудудларига яқин жойда жойлашган ўрта махсус  таълим даргоҳларига бириктириб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 июндаги 109-сонли қарори билан тасдиқланган низом асосида жорий йилнинг 20-30 июнь кунлари битирувчилар  ҳужжатларини тегишли ўрта махсус  таълим муассасаларига топширишди, дея хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Жорий йилнинг 14 июль куни шаҳардаги 20 та ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида талабгорлар сони кўплигидан келиб чиқиб тест синовлари ўтказилди. Ушбу имтиҳонларда қатнашган 4589 нафар ўғил-қизлар муваффақият қозонишган бўлса, 8302 нафари эса ҳужжат топширган таълим муассасаларида ўқиш ҳуқуқини қўлга кирита олишмади. Улар иккинчи йўналиш бўйича танлаган академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълимни давом эттирадиган бўлишди.

Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ҳамда Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари бераётган маълумотларга кўра, пойтахтда битирувчиларнинг 99.1 фоизи таълимнинг иккинчи босқичи билан таъминланди. Қолганларчи, деган савол туғилади.

Маълумотларга кўра, 287 нафар битирувчи турли сабабларга кўра, пойтахт  ўрта махсус таълим даргоҳларида ўқишни давом эттирмайди. Кимдир оилавий равишда доимий яшаш учун бошқа ҳудудга кўчиб кетгани учун, кимдир тиббиёт муассасаларининг хулосаларига кўра, яна кимдир бошқа бир сабаб билан ушбу рўйхатга кирган. 

 

    Бошқа янгиликлар