Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилишича, 2020 йил 27 май соат 23:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3369 нафарни ташкил этмоқда.
27 май, соат 16:30да беморлар сони 3355 нафар эди, яқин соатларда улар 14 нафарга кўпайган.
"Янги касалланиш ҳолатларининг 7 нафари Бухоро вилоятида аҳоли орасида (Шофиркон туманидаги битта оила аъзолари) аниқланган. Мазкур ҳолат ушбу вилоятга коронавирус инфекцияси қайтганини кўрсатмоқда. Шунингдек, 5 нафари Тошкент шаҳрида аҳоли орасида аниқланган. 2 нафари эса Тошкент вилоятидан (1 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси, яна 1 нафари аҳоли орасидан аниқланган)" дейилади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 22 май куни Бухоро вилоятида коронавирус инфекциясига чалинган сўнгги 2 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга кузатилганди. Вилоятда қайд этилган 442 нафар касалланиш ҳолати шифокорлар саъй-ҳаракатлари билан бартараф этилганди.
Айни пайтда юртимизда 2668 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар бутунлай соғайди. Ҳозирда 687 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 1 нафари ўта оғир аҳволда, 3 нафари эса оғир аҳволда.
Вирусдан вафот этганлар 14 кишига етди.