АсосийJamiyat

“Ўзбек олтибеклари”: тарихнинг яна бир янги саҳифаси ўрганилди

Ота-боболаримиз ҳар бир киши ўзининг етти отасини, тўпини, уруғини билиши лозимлигини таъкидлайдилар. Лекин тарих силсилалари олдида ноилож қолганлар ўз тили, уруғи, қавмининг номларини унутиб юборган ҳоллар ҳам бўлиши табиий.

Нуроталик элшунос Жўрақул Йўлдошевнинг яқинда нашрдан чиққан “Ўзбек Олтибеклари” китобида ўзбек миллати, халқининг таркибий қисмларини ташкил этувчи уруғ, қабила, қавм ва эл-элатлар ҳақида сўз юритилади. Ана шу уруғ-қабилалардан таркиб топган “Олтибек” қавми ҳақида, унинг шаклланиши, у асосида Турк хонлиги, Буюк турк Ҳоқонлиги ташкил топиб, қарийб 200 йил ҳукмронлик қилгани, турк халқи тарихида чуқур из қолдиргани баён этилади.

Китобда муаллиф ўз изланишлари натижасида Олтибеклар Сирдарё, Тошкент, Навоий вилоятларида, Самарқанд вилоятининг Қўшработ, Жиззах вилоятининг Фориш туманларида, шунингдек, Қозоғистоннинг Сариоғоч туманида истиқомат қилишлари ҳақида маълумотларни келтиради. Бундан ташқари, китобда “туркманистонлик туркманлар”, “Ўзбек туркманлари”, “Нурота туркманлари”, “Ҳисор туркман-юз(жуз)лари”, “Бекобод, Зомин туркманлари” ҳамда “Ўзбек юзлари”, шунингдек, Тома (Тама) қавми ҳақида ҳам маълумотлар берилган.

Ушбу китоб ўз тарихини ўрганишга чоғланган ҳар бир ўзбек ва туркман китобхонларини бефарқ қолдирмайди.

Китоб сотувга чиқарилди.

 

 

    Бошқа янгиликлар