Сентябрь-октябрь ойлари республикамизда тўй мавсуми. Аслида юртимизнинг қайси бир гўшасига борманг тўй устидан чиқишингиз аниқ. 6 сентябрь куни “Уммон” гуруҳи хонандаси Жасур Рапиковнинг хонадонида ҳам карнай-сурнай наволари янгради.
Жасур ва Гулнозахонларнинг висол оқшоми пойтахтимиздаги “Versal” ресторанида бўлиб ўтди. Ресторан кираверишга қизил гилам тўшалган, атроф одамлар билан гавжум. Бу ҳолат жаҳон миқиёсида ўтадиган фестивалларни эслатиб юборди. Икки ёш тўйхонага “Афруз” гуруҳининг “Келибди” номли қўшиғи билан кириб келишди.
Тўйда меҳмон санъаткорлар рўйхатини “Ниҳол” мукофоти совриндори Манзура бошлаб берди. Хонанда сўзга чиқар экан Жасурни жуда ҳурмат қилиши, унинг инсонийлиги ва одамгарчилиги ҳақида жуда узоқ гапирди.
Тўйда шоу бизнесимизнинг жуда кўп таниқли вакиллари, актёрлар, хонандаларга кўзимиз тушди. Хусусан, Шаҳзода, Ойбек ва Нигора, Достон Убайдуллаев, Жаҳонгир Позилжонов, Муқаддас Саъдуллаева, Сардор Исроилов, Дилшодбек Каттабеков, Ботир Яминов, Тоҳир Усмонов, Асқар Ҳикматовлар биринчилардан бўлиб ташриф буюришган бўлса, Муниса Ризаева, Шоҳруххон, Алишер Файз, Фаррух Комиловлар бироз кечикиб келишди. Куёвбола хонанда Шоҳруххон ва “Афруз” гуруҳининг қўшиқларига мазза қилиб рақсга тушди.
Шу куни даврани олиб бориш вазифаси радиобошловчи Акмал Мирзо ва актриса Шаҳзода Муҳаммедовага топширилган бўлса-да, Муҳаммедова шу куни кўпроқ суратга тушиш билан овора бўлди десак муболаға бўлмас. Келин ва куёв учун машҳурларнинг видео табрикларини йиғиш эса актёр Шерзод БИНга юклатилганди.
Келин Гулнозахон гулистонлик бўлиб, Жасур билан танишишганига беш йил бўлган. Меҳр ва муҳаббат, ота-оналарининг оқ фотиҳасию яқинлар гувоҳлигида тузилган янги оилага мустаҳкам соғлиқ, бахт ва омад тилаб қоламиз. Келажакда мустақил Ўзбекистоннинг номини дунёга ёядиган, эл юрт хизматига камарбаста фарзандларнинг ота-онаси бўлишларига тилакдошмиз.
Қамариддин ШАЙХОВ тайёрлади