АсосийShou-biznes

Баҳром Назаров яккахон концерти олдидан матбуот анжуманини ўтказди

 Куни кеча пойтахтимизнинг Le Grand Plaza меҳмонхонасида эл суйган санъаткор Баҳром Назаровнинг жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари “Истиқлол” санъат саройида ўтказиладиган “Шукрона” номли илк яккахон концерт дастурига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Шунингдек анжуманда санъаткорнинг юртимиз бўйлаб ўтказилган “Унутилмас кунлар” деб номланган гастроль дастури сарҳисоби қилинди.
Маълумки, Баҳром Назаров 2015 йилнинг 28 апрелидан бошлаб республика бўйлаб кенг миқёсда гастроль концертларини бошлаб юборган эди. Бугунги кунгача вилоятларимиз марказий амфитеатр ва стадионларида 50га яқин концертлар бериб мухлислар қалбини забт этганини исботлади.
Тадбирда таъкидланишича, “Истиқлол” санъат саройида тақдим этиладиган концерт дастурида асосан хонанданинг йиллар давомида ўйлаб юрган ва ўз бошидан кечирган орзу армонлари, қувонч ҳасратларининг маълум бир қисми ҳам саҳнага олиб чиқилади.
Дастур “Мўъжиза Медиа” компанияси томонидан ташкиллаштирилиб, унинг режиссёрлиги актёр ва бошловчи Фарҳод Бадаловга ишониб топширилди.
Саҳна безаклари билан санъат арбоби Сергей Чернов шуғулланмоқда. Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Сергей Чернов дунёга машҳур ҳинд саҳна безакчилари Найнеш Жи, Саурин Соҳиб ва Ашок Кумарлар билан интернет тармоқлари орқали фикр алмашиб иш олиб бормоқда. Саҳна безакларида анъанавийлик ва замонавийлик уйғунлашган бўлиб, энг биринчи навбатда Баҳром Назаровнинг қўшиқларининг ифори сезилиб туриши кўзланган.
Концерт дастурини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари, таниқли бошловчилар олиб боришади. Аммо айнан қайси бошловчилар олиб борилиши ҳозирча сир тутилмоқда. Дастур жами 23 та қўшиқдан иборат бўлиб, деярли барча қўшиқлар учун рақс ва саҳна кўринишлари тайёрланмоқда. Рақсларни эса “Паризода” ҳамда “Тумор” рақс гуруҳининг раққосалари ижро этишади.
Концерт дастури учун кўплаб янги қўшиқлар тайёрланмоқда.
Дарвоқе, концерт чиптаси нархлари 8000 дан 60 000 сўмгачани ташкил этади.
Шунингдек анжуман доирасида хонанданинг расмий сайти Baxromnazarov.com тақдим этилди. Сайтда Баҳром Назаровга тегишли энг сўнгги маълумотлар, қўшиқ, клиплар ҳамда фотосессия жамланмалари жой олади.
Баҳром Назаров 1984 йил 4 июнда Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида таваллуд топган. Андижон вилоятидаги чет тилига ихтисослашган 8-гимназияни тугатиб, 2002 йилда Тошкент темир йўл муҳандислари институтига тўлов шартнома асосида ўқишга қабул қилиниб, 2006 йилда ўқишни тугатган.
У 2013 йилнинг 1 майидан эътиборан “Мўъжиза Медиа” продюсерлик маркази билан ҳамкорлик қилади. “Айрилдим” номли таронаси билан бутун мухлислар эътибори ва эътирофига сазовор бўлди. Айни шу йилда “Йил қўшиғи-2014” мукофотига ҳам лойиқ кўрилди.
Хонанда 2014 йил “Айрилдим”, 2015 йилда эса “Кечикиш” номли альбомларини мухлислари ҳукмига ҳавола этган.

    Бошқа янгиликлар