my5
all

Ўзбекистонда «Олимпия куни»га бағишлаб қандай тадбирлар ўтказилади?

СПОРТ 13.06.2020, 19:51
399
Ўзбекистонда «Олимпия куни»га бағишлаб қандай тадбирлар ўтказилади?

Халқаро Олимпия қўмитасига (ХОҚ) 1894 йил 23 июнь санасида барон Пер де Кубертен томонидан асос солинган. Бутунжаҳон Олимпия кунини нишонлаш ҳақидаги қарор – 1948 йилнинг январь ойида Санкт-Мориц шаҳри (Швейцария)да ўтказилган ХОҚнинг 42-сессиясида қабул қилинган.

«Олимпия куни» илк бор 1948 йил 23 июнда Австралия, Бельгия, Канада, Буюк Британия, Греция, Португалия, Швейцария, Уругвай ва Венесуэла Миллий олимпия қўмиталари томонидан нишонланган. Мазкур спорт байрами қарийб 60 йил давомида «Олимпия югуриш куни» сифатида ўтказиб келинган. 2009 йилга келиб ХОҚнинг ўша пайтдаги президенти Жак Роггенинг таклифи ҳамда Халқаро Олимпия қўмитаси қарорига кўра «Олимпия югуриш куни» – «Олимпия куни» деб ўзгартирилди.

Бугунги кунда «Олимпия куни» дунёда оммавий тарзда нишонланадиган спорт байрамларидан бирига айланган. Ҳар йили Халқаро Олимпия қўмитасига аъзо 205та давлатда ўтказиладиган спорт ва саломатлик байрамида миллионлаб инсонлар бевосита иштирок этишади. Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи ҳамда Олимпизм ғояларини кенг тарғиб этиш, каттаю кичик қалбида жисмоний тарбия ва спортга бўлган меҳрни янада юксалтиришдан иборат.

Бутун дунёда коронавирус пандемияси кенг тарқалиши сабаб 2020 йил инсоният тарихида мисли кўрилмаган ўзгаришлар содир бўлмоқда. Тарихда илк бор барча тадбирлар, анжуманлар, байрамлар онлайн тарзда ўтказиляпти. Пандемия ҳозирги кунда спорт олами вакилларига янгидан янги жумбоқларни тақдим қилмоқда. Улардан бири 23 июнь куни нишонланадиган «Олимпия куни» байрамидир.

Пандемия сабабли 2020 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари бир йилга қолдирилди. Бироқ «Олимпия куни» ортга сурилмайди. Шу боис ҳозирда Халқаро Олимпия қўмитаси ва барча Миллий олимпия қўмиталари яқинлашиб келаётган мазкур байрамни кўтаринки руҳда ўтказиш устида иш олиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам мазкур санани ўзгача шукуҳда қарши олишга ҳаракат қилинмоқда. Бу борада Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳамкорлигида Ишчи гуруҳ тузилиб, ҳар бир йўналиш вакилларига қилинадиган ишлар бўйича вазифалар юклатилди.

27 йилдирки юртимизда Халқаро Олимпия қўмитаси ташаббуси қўллаб-қувватланган ҳолда, мамлакатимизда «Олимпия куни» кенг нишонланиб келинмоқда. Бу кун тадбир иштирокчилари ўзларини ҳақиқий олимпиячи сифатида ҳис этиш имкониятига эга бўлади. Ўзбекистонда бу йилги «Олимпия куни»да:

- 15-16 июнь кунлари виртуал югуриш мусобақасини ўтказиш;
- 17-20 июнь кунлари ижтимоий тармоқларда «Олимпиада – бу...» рукнида машҳур спортчи ва спорт ишқибозларининг интервьюларини ташкил этиш;
- 20 июнь куни онлайн бадантарбия ва мастер-класс тадбирини марафон тарзида ZOOM платформаси орқали ўтказиш белгиланган.
Ҳозирда ушбу байрамга муносиб тайёргарлик кўриш бўйича иш олиб борилмоқда. Шуни айтиш мумкинки, бу йил мухлислар ҳар қачонгидан ўзгача «Олимпия куни»га гувоҳ бўлишади. Онлайн тарзда ўтказиладиган байрам учун турли онлайн мусобақалар ва спортимиз юлдузлари иштирокидаги ажойиб чиқишлар режалаштирилган.

Бу йил «Олимпия куни» #StayStrong, #StayHealthy ва #StayActive шиорлари остида ўтказилади. Бу чақириқлар нафақат ўзбек, балки бутун дунё спортчилари ва аҳолисини уйда қолиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга чорлайди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+30° ясно
Валюта курси
10173.38
USD 0.62
11411.48
EUR 43.42
145.97
RUB -0.42