АсосийJinoyat

Тотализаторга тикилган пул ортидаги жиноятлар фош бўлди

'Тотализаторга тикилган пул ортидаги жиноятлар фош бўлди'ning rasmi

Орамизда боши берк кўчага такрор ва такрор қадам қўйиб, “қайтиб бу йўлга қадам босмайман”, дея судда пушаймонлигини билдирган бўлса-да, яна эски “ҳунари”ни давом эттирадиганлар ҳам йўқ эмас...

Вақтинча ишсиз аёл ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида бир фуқаронинг ишончига киришнинг уддасидан чиқади. Унга 4.000 АҚШ долларини берган тақдирда, қолган пулларни ўзининг хисобидан тўлаб, жами 74.000.000 сўмга автосалондан “Спарк” машинасини шартнома асосида олиб беришни ваъда қилади...

2019 йилнинг 20-25 август кунларидаги вақт оралиғида бўлиб-бўлиб, жами 4.000 АҚШ долларини қўлга киритади. Бироқ берган ваъдасини бажармай пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборади.

Марказий банкининг маълумотномасига кўра, 2019 йил 25 августдаги 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 9.384,00 сўмни ташкил этган бўлиб, 4.000 АҚШ доллари 37.536.000 сўмга тенг бўлган.

“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас экан”. Аёл жиноий ҳаракатларини давом эттиради. Бу галги ўлжаси бир уйда яшаб келган ўзининг яқин таниши эди.  25 августдан 15 октябрь кунига қадар бўлган вақт оралиғида уй ётоқхонасидаги “сейф”даги

  • жами нархи 18.000.000 сўмлик 2 дона аёллар тилла занжири билан 1 дона кулонини, 
  • жами нархи 11.475.000 сўмлик 2 дона аёллар қўл тилла занжирларини, 
  • нархи 1.600.000 сўмлик 1 дона қизил кўзли аёллар тилла узуги, 
  • жами нархи 500 АҚШ доллари бўлган 2 дона аёллар тилла узукларини ўғирлайди.

Натижада фуқарога жами 35.802.512 сўм моддий зарар етказган.

Марказий банкининг маълумотномасига кўра, 2019 йил 15 октябрдаги 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 9.455.024 сўмни ташкил этган. 500 АҚШ доллари 4.727.512 сўмга тенг бўлган.

                                           “ПУЛЛАРНИ ИНТЕРНЕТ ЎЙИНИГА ТИКИБ, ЮТКАЗИБ ҚЎЙДИМ”

Судланувчи судда айбига тўлиқ иқрор бўлди...

— Танишим билан 2010 йилдан буён танишмиз. Унинг уйида 2019 йил августга қадар бирга яшаганмиз, қизи ҳам бор эди. 2019 йил тахминан августнинг ўрталарида танишим билан ресторанга бориб овқатландик, спиртли ичимлик ҳам ичдик. Тунда ресторандан чиқиб, уйга кетдик. Ётоқхонадаги “сейф”дан тилла-тақинчоқларини бир неча маротаба олиб солаётган вақтида кўрганманю Ўша вақтларда интернетдаги спорт уйинига қизиқиб қолганим сабаб, тилла тақинчоқларни ўғирлаб, пуллаб, интернетдаги ўйинни ўйнашга сарфлашни ният қилгандим. Шу сабаб у ухлаб ётганидан фойдаланиб, “сумка”сидан калитини олиб, “сейф”ни очдим. Полиэтилен пакетга ўралган тилла тақинчоқларни пакети билан бирга олдим. Лекин сейфда қолган бошқа тилла тақинчоқлар ва пулларни олмадим. Уларни сотиб, пулини спорт тотализаторига тикдим. Пул ютиб олганимдан сўнг, тилла тақинчоқларни қайта сотиб олиб, жойига қўйиб қўймоқчи эдим.

Эрталаб хонадондан хайирлашиб чиқиб кетдим. Шу куни 3 дона тилла узукни бир нотаниш кишига сотиб олиш учун таклиф қилдим. У оғирлиги тахминан 19,20 грамм узукларни кимга тегишли эканини сураб-суриштирди. “Тилла узуклар эримники, пул зарур бўлгани учун сотаяпман”, дедим. Унга тилхат ёзиб беришимни айтди, ёзиб бердим. Узукларни 4.500.000 сўмга сотиб юбордим. Орадан тахминан 3-4 кун ўтгач, бир дона тилла занжир ва бир дона қўл занжирини нотаниш аёлга оғирлигини 33 грамга ҳисоблаб, жами 7.500.000 сўмга сотдим. Орадан яна 3-4 кун ўтгач, жами оғирлиги 50 грамм тилла занжир ва қўл занжирини ҳар бир граммини 240.000 сўмдан ҳисоблаб, жами 12.480.000 сўмга тилла буюмлар дўконида сотдим. Охирги бир дона тилла кулонни бозорда тилла тақинчоқлар савдоси билан шуғулланувчи аёлга 3.400.000 сўмга сотдим. Барча пулларни интернет ўйини - тотализаторга тикиб, ютказиб қўйдим. 

2019 йил октябрда танишим менга қўнғироқ қилиб, “сейф”даги тилла тақинчоқлари ўғирлангани учун ички ишлар идораларига мурожаат қилмоқчилигини айтди. Шунда унга “хабар берма, ҳаммасини тушунтириб бераман”, дедим. У барибир “Ички ишлар идорасига ариза билан мурожаат қиламан”, деб телефон гўшагини қўйиб қўйди. Сўнг менга ИИБ ходими қўнғироқ қилганида узоқроқда эдим. Ҳавотирга тушиб, телефонни ўчириб қўйдим... 

Бундан ташқари, гўзаллик салонига тез-тез бориб турардим. Салонда ишловчи аёл билан танишиб қолганман, у билан муносабатларимиз яхши бўлган. Ўша вақтлари у  “Спарк” сотиб олмоқчи эканидан хабарим бўлган. 2019 йил августнинг охирларида салонига бордим ва танишимни кўрдим. Шу пайт у дугонаси билан бирга автосалонга кредитга машина харид қилишга кетмоқчи бўлиб турганини билдим. Улар билан бирга автосалонга бордим. “Спарк”нинг нархи 74.000.000 сўм экан. Шунда танишим машинани кредитга олмоқчи бўлиб шартнома қилгани учун уни алдаб ишончига кирдим. Яъни, машина олиб бериш режасини туздим. Танишим автосалондан чиқиб кетаётганида унга “машинани кредитга олма. Пулларингни менга берсанг, қолганини ўзимнинг ҳисобимдан тўлаб машинани нақд пулга сотиб олиб бераман”, дедим. Пулларни кейинчалик бўлиб-бўлиб, ойига 2.000.000 сўмдан тўлаб бериши мумкинлигини айтдим. “Қанча пулинг бор?” деб сўраганимда, жами 4.000 АҚШ доллари борлигини айтди. Танишим гапларимга ишониб, таклифимга рози бўлди. Шу куннинг ўзида автосалонда тузган шартномаси билан ёнида бўлган 1.300 АҚШ долларини берди. Орадан бир неча кун ўтганидан сўнг унинг ишончини сўндирмаслик учун гўёки машинани қолган пулини сўраш мақсадида уйига бордим. Танишим онасининг иштирокида менга яна 1.800 АҚШ доллари берди. Бир неча кун ўтганидан сўнг қолган пулларни ҳам олиш мақсадида салонга бордим, яна 900 АҚШ долларини олдим. Жами 4.000 АҚШ долларини олдим. Лекин унга машина олиб бермай, пулларни ўз эҳтиёжларим учун ишлатдим. 

Орадан маълум вақт ўтгач, у машинани сўрашни бошлагани учун унга ҳар-хил баҳоналар тўқий бошладим. Унга 600 АҚШ долларини қайтариб бердим. Қолган 3.400 АҚШ долларидаги моддий зарарни қисман бўлиб-бўлиб тўлаб бераман. 

Судланувчи судда қилган ишидан пушаймонлиги, қарамоғида онаси борлиги ва оилада ягона боқувчи эканини билдириб, енгиллик беришни сўради.

Санжар АБДУГАНИЕВ, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди судьяси:

— Судланувчи ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “а” банди ва 169-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. ЖКнинг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

                                                                                                                       Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист

    Бошқа янгиликлар