Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлигини кўриб чиқиш бўйича махсус комиссияси “Unitel” МЧЖ ваколатли шахслари билан истеъмолчиларнинг “Super Oy” интернет-пакетлари бўйича эркин танлаш ҳуқуқи чекланганлиги юзасидан ишни кўриб чиқди.
“Zoom” онлайн видеоконференцалоқа хизмати орқали ишни кўриб чиқиш жараёнида Компания интернет-пакетларини тақдим этишда ўз хизматларидан фойдаланишга қистаганлиги натижасида, абонентлар (истеъмолчилар) “Super Oy” интернет-пакетларидаги арзон нархдаги интернет-пакетларни танлаш имкониятидан маҳрум қилинганлиги, шу тариқа истеъмолчиларнинг тақдим этилаётган хизматларни танлаш эркинлиги чекланганлиги, бу билан Ўзбекистон Республикаси «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 4 ва 21-моддалари бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Демак, “Super Oy” интернет-пакетларининг “Уланиш ва тақдим этиш шартлари” бўлимида мазкур интернет-пaкeтларига уланиш учун ҳар сафар сўров юборилганда тизим абонентнинг охирги 90 кун ичида интернет учун қилган харажатларини таҳлил қилиниши вa 30 кун давомида энг юқори бўлган харажат қийматини aниқланиши белгиланган.
Шундан сўнг абонентга 30 кун давомида амалга оширилган харажат қийматига тенг ёки ундан юқори бўлган интернет пакетларига уланиш таклиф этилади.
Нархи ушбу харажат қийматидан паст бўлган “Super Oy” интернет-пакетларига уланиш эса чекланган.
Махсус комиссия томонидан кўриб чиқиш натижаларига кўра, “Unitel” МЧЖга “Super Oy” интернет-пакетларидаги чекловларни бекор қилиш ва истеъмолчи-абонентларга интернет харажатлари ва унинг қийматидан қатъи назар, ушбу линиянинг интернет-тўпламидан фойдаланишда танлаш эркинлигини тақдим қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 4-банди 1-қисми ва 21-моддалари талаблари бузилишини тугатиш ҳамда келгусида такрорламаслик юзасидан кўрсатма берилди.
Шунингдек, «Unitel» МЧЖ вакиллари компаниянинг ушбу ҳаракатларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйилмаган деб ҳисобламоқда.
Комиссия томонидан мазкур қарор устидан бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ёки тегишли маъмурий судга шикоят қилиш ҳуқуқлари тушунтирилди.