1

“Битта қурилиш корхонасини деб, ҳам маданият маркази, ҳам маданий мерос объекти абгор”

МАДАНИЯТ 18.06.2020, 15:36
“Битта қурилиш корхонасини деб, ҳам маданият маркази, ҳам маданий мерос объекти абгор”

Фарғона вилояти маданият маркази Фарғона шаҳрининг Каштанзор кўчасидаги 10-уйда, 1910 йилда қурилган маданий мерос объектида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Маданият марказига маданият ва санъат соҳасидаги ўтказилган “Эҳтиром-2018” мукофотининг “Энг намунали маданият маркази” номинацияси ғолиби, “Дўстлик” ордени соҳиби Шералиева Татяна Тургуновна раҳбарлик қилиб келади.

Фарғона вилояти маданият марказида 19 та халқ ҳаваскорлик жамоаси ҳамда 74 та тўгарак бугунги кунда 831 нафар ёшларни ўзига жалб этган.

Халқ ҳаваскорлик жамоасининг 10 таси рақс (шундан 7 таси намунали болалар жамоаси), 3 таси вокал-чолғу, 2 таси эстрада, 1 таси оилавий ашула ва рақс, 2 таси миллий чолғу ҳамда 1 таси халқ филармонияси ҳисобланиб,
38 нафар маданият ва санъат таълим муассасаларини (кўпчилиги коллежларни) тугатган ёшлар фаолият кўрсатиб келмоқда.

Фарғона вилояти маданият марказининг фаолияти таҳлиллари юқорида билдирилган ижобий фикрларимизни исботлайди.

2015-2020 йиллар давомида ўтказиб келинган республика ва халқаро кўрик-танлов ва фестивалларда вилоят маданият маркази бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг 81нафар қатнашчиси фаол иштирок этиб, вилоят танловларида 10 та, Республика танловларида 8 та ҳамда халқаро танловларда 9 та I-ўрин ва
24 та “Гран-при” соҳиблари бўлишган.

Вилоят маданият марказида 63 нафар ходим бюджет ҳисобдан,
14 нафар соҳа бўйича ёш кадрлар тўгараклар фаолиятини ташкил этиш учун жалб этилиб, ишлаб топилган махсус маблағлар ҳисобидан ишлаб келмоқда.

Пандемия бўлишига қарамасдан вилоят маркази ходимлари томонидан тўгараклар учун “Уйда қолинг” шиори остида 3000 дан ортиқ онлайин машғулот ташкил этилди.

Бу маданият маркази фаолиятидаги ютуқлар эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012-2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1641-сонли қарорига асосан Вилоят маданият марказини қайта қуриш ва таъмирлаш бўйича “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси” тендер танловига мувофиқ “Қувасой қурилиш савдо сервис” хусусий корхонаси танланганлигидан муаммо бошланган.

Марказни таъмирлаш учун ажратилган маблағ тўлиқ молиялаштириб берилган. Лекин “Қувасой қурилиш савдо сервис” хусусий корхонаси томонидан бугунги кунга қадар қурилиш ишлари 80%га бажарилган холос. Бажарилган ишлар ҳам аслида сифатсиз, бинонинг том қисмидан ёмғирли кунларда бино ичига чаккилар оқиб туради.

Бино деворининг ички ва ташқи томонлари таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Бинонинг томоша залида вентиляция ва иситиш мосламалари ўрнатилмаган. Бинода канализация мавжуд эмас. Маданият маркази учун муҳим бўлган гардероб ва саҳна либослари сақланадиган хоналар тўлиқ таъмирланмаган. Бинодаги мавжуд хона ва томоша зали электр тармоғига тўлиқ уланмаган, монтаж ишлари охирига етказилмаган.

Вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси”нинг сўровномасига асосан вилоят маданият маркази 1 млрд. 664 млн. сўм маблағни “Қувасой қурилиш савдо сервис” хусусий корхонасига ўтказиб берган. Энг ачинарлиси, таъмирлаш ишларини якунламасдан, қилинганлари ҳам сифатсиз бўлишига қарамасдан ушбу хусусий корхона қолган 123 млн. сўм маблағни талаб қилиб, вилоят туманлараро иқтисодий судига бир неча бор ариза билан мурожаат этган.

Суднинг ҳукмига асосан, “Қувасой қурилиш савдо сервис” хусусий корхонаси қурилиш ишларини якунлаб топшириш мажбурияти юклатилган. Кассация инстанцияси суднинг 2019 йил 3 январдаги ҳал қилувчи қарорида ҳам қабул қилинган қарор ўзгартиришсиз қолдирилган.

Минг афсуски, “Қувасой қурилиш савдо сервис” хусусий корхонаси ва Фарғона вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси” шартнома шартлари ва суд қарорига биноан юклатилган мажбуриятни бажармасдан келмоқда.

Бу муаммонинг юзага келишида бугунги кунга қадар нега Фарғона вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси” четда жим туриши, албатта жумбоқ.

Бизнинг мақсадимиз аслида, бу “жумбоқ” ҳақида эмас, балки қурилиш ишларининг узоқ йиллардан буён чўзилиб келаётганлиги ва шу сабаб Республикадаги энг намунали маданият маркази фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётганлигини таъкидлашдан иборат.

Биринчидан, 2012 йилда мазкур бинода фаолият кўрсатган маданият марказида тўгараклар сони 128 тани, ундаги иштирокчилар сони
3028 нафарни ташкил этган. Уларнинг 1060 нафари пул тўлашган. Бугунги кунда74 та тўгаракда қатнашаётган 831 нафар иштирокчи 356 нафарга тушиб қолган.

Иккинчидан, маданият маркази томонидан 2012 йилда 30 млн. сўм ишлаб топилган бўлса, 2019 йилда инфляциянинг ўзгаришлари ҳисобида 40 млн.пуллик тушум қилинган. Аслида бу кўрсатгич 100 млн. сўмни ташкил этарди.

Учинчидан, 2012 йил 1 январь ҳолатида тадбирлар сони 486 тани ташкил этган бўлса, 2019 йилда 224 тани (яъни 50%дан кам) ташкил этмоқда.

Тўртинчидан, 2012 йилда Фарғона вилояти маданият марказида махсус маблағ ҳисобидан 29 нафар ходим ишлаган. Бу 29 та янги иш ўрни дегани бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 14 нафарни ташкил этмоқда.

Бешинчидан, маданият маркази томонидан бугунги кунда фақатгина жойларда бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг пуллик концертлари ташкил этиш орқали пул туширишмоқда. Пуллик тадбир ва концертлар ташкил этиш учун салкам 8 йилдан буён вақтинча шарт-шароитга эга бўлмаган, амфитеатр биносида фаолият юритиб келмоқда.

Фарғона вилояти маданият маркази биносини тўлиқ таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилса:

Қўшимча 40 та ҳаваскорлик тўгараклари фаолияти ташкил этилади. Бунинг натижасида 500 нафар ёшларни жалб этиш ва қамраб олиш ҳамда қўшимча 20 та иш ўрни ташкил этиш имконияти яратилади.

Вилоят маданият маркази Республикада илк таржиба сифатида Фарғонадаги мавжуд 83 та маданият маркази ходимлари учун “Илғор тажриба мактаби” сифатида тажриба алмашиш ва ходимлар малакасини ошириш масканига айлантирилади.

Маданият ходимлари учун маданият марказлари ва ундаги тўгарак, студия ва жамоалар фаолиятини ташкил этиш, қўшимча маданий фаолият турлари ва хизматларини ошириш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, энг илғор тажрибаларни оммалаштириш бўйича ўқув-семинар ва машғулотлар, онлайин мулоқотлар ташкил этади.

Марказда тажриба тариқасида «bookcafe», интеллектуал «Ёшлар» кафеси ҳамда wi-fi ҳудуд ташкил этилиб, уларнинг фаолияти йўлга қўйилади.

Махсус автобус сотиб олиб бериш орқали нафақат Фарғона шаҳрида, барча туман-шаҳарларда, шунингдек, қўшни вилоятларда намунали пуллик концерт-тадбирларини намойиш этиш имкониятга эга бўлади.

Ҳар бир соҳа ва йўналиш, айниқса, маданий мерос объектлари ва маданият марказларини бугуни замон талаблари асосида ташкил этиш орқалиаҳолига маданий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва сифатини яхшилаш, пуллик тушум ва хизмат кўрсатиш бўйича орттирилган тажрибаларни соҳага кенг тадбиқ этиш имкони пайдо бўлади.

 

                                                                                                                                                                                                                                          Амонқулов Қурбонмурот,

                                                                                                                                                                                                                                            Маданият вазирлиги

                                                                                                                                                                                                                                             бошқарма бошлиғи ўринбосари

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1