10-11 ноябрь кунлари “Истиқлол” санъат саройида Баҳром Назаровнинг “Шукрона” номли концерт дастури бўлиб ўтмоқда.
Концерт дастурининг илк куни ташриф буюрган мухлисларга аъло даражадаги кайфият тақдим эта олди. Концерт таасуротлари мухлислар қалбида анча вақтгача сақланиб қолиши аниқ. Ўзгача ташкиллаштирилган дастур, саҳна безаги, режиссёр маҳорати, санъаткорнинг профессионализми, янги бўлишига қарамай мухлисларнинг юрагидан жой ололган тароналар - буларнинг ҳаммаси айнан Баҳром Назаровнинг концерт дастурда мужассам бўлди. Дарвоқе, концерт режиссёри - Ойбек Алиев.
Концертнинг учинчи қисмида саройнинг ўртасига ўрнатилган кичик саҳна ва унда куйланган янги “Бор-бор” таронаси билан уйғунлашган ажойиб ғоя мухлислар қалбидан жой олишга улгурди.
Энг асосий бир жиҳатни таъкидламай бўлмайди, бошқа концерт дастурларда гувоҳи бўлганим, томошабин одатда концертнинг сўнгги таронасида ўрнидан туриб, зални тарк эта бошлайди, бу гал эса ундай бўлмади.
Баҳром Назаров мухлисларининг маданиятими, ташкилотчиларнинг ғояси ёҳуд санъаткорнинг ўзига хос ижроси, томошабинни концерт сўнгги сонияларигача ўриндиқни тарк этмаслигига сабаб бўлди. Бунга тасанно айтишдан ўзга чора йўқ.
Концерт сўнггидаги цирк артистларини чиқишлари ҳам барча учун кутилмаган ҳодиса бўлди.
Дарвоқе, концертга Баҳром Назаровнинг устози Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков ташриф буюриб, шогирдига омад тилади ҳамда ўзининг янги таронасини тақдим этди.
Мухлисларнинг деярли барчаси концертни аъло кайфиятда тарк этгани, унинг юқори даражада ўтганидан далолат.
Баҳром Назаровнинг келгуси ижодига омадлар тилаб қоламиз.
Дарвоқе, бугун концертнинг иккинчи - сўнгги куни тақдим этилади.





