2015 йилнинг 10-12 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси делегацияси Хитойнинг Ченду шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг йиғилишида иштирок этди.
Йиғилишда 2005 йилда имзоланган ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим низомларини амалга ошириш доирасида Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларда чора кўриш масалаларини муҳокама қилдилар.
Йиғилишдаги чиқишда Ўзбекистон делегацияси раҳбари томонидан мамлакатимиз ҳам бошқа давлатлар билан бир қаторда турли фавқулодда ҳолатларнинг вужудга келиши хавфига дуч келаётганлиги таъкидланди.
Жорий йилнинг апрел ойида республикамиз ҳудудида 480-500 минг метр куб миқдоридаги ер кўчиши рўйхатга олинди. Сурхондарё вилоятининг Узун тумани Хонжиза аҳоли пунктида 67 хўжалик мавжуд хавф натижасида яшаш учун хавфсиз бўлган жойга кўчирилди, кўчиш ҳаракатларини доимий мониторинг қилиш учун махсус ускуналар, кўчиш хавфи мавжуд ҳудудларида эса кузатув постлари ташкил этилди.
Шунингдек, мамлакат ҳудудида бир қанча сел оқимлари бўлиб ўтганлиги, буларнинг баъзилари эса моддий зарарга олиб келганлиги қайд қилинди.





