16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳасини муҳокама қилдилар. Дастурни ишлаб чиқишда меҳнат бозорининг ҳозирги ҳолати чуқур таҳлил қилинди.
Дастурга мувофиқ 2016 йилда 992,7 минг кишини ишга жойлаштириш назарда тутилган. Уларнинг 511,5 минги таълим муассасалари битирувчиларидир. Шунингдек, хотин-қизлар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган бошқа тоифаларини ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
2016 йилга мўлжалланган дастур лойиҳасини ҳар томонлама муҳокама қилиш доирасида сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлари гуруҳи вакиллари ўз нуқтаи назарларини билдирдилар. Муҳокама иштирокчиларининг фикрига кўра, дастур ноёб ҳужжат бўлиб, унда аҳоли турли қатламларининг манфаатлари акс этган. Дастур сиёсий партиялар фракциялари, экспертлар, турли соҳа мутахассисларининг фикрлари ва таклифларини инобатга олган ҳолда ҳар йили такомиллашиб бормоқда.





