АсосийJamiyat

«Инсон ҳуқуқлари журналист нигоҳида» мавзусида ижодий танлов эълон қилинди

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди «Инсон ҳуқуқлари журналист нигоҳида» мавзусидаги ижодий танловни эълон қилади. 

Танловга 2015 йилнинг 1 январидан 1 декабргача республика босма оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрларида эълон қилинган, Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси, мамлакатимизда инсон ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва уларнинг амал қилиши, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш, шахсни ҳар томонлама камол топтириш, ёшларнинг демократик фуқаролик жамияти барпо этишда фаол иштирок этиши учун зарур социал-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий шароит яратишга қаратилган мавзудаги ахборот-таҳлилий, публицистик ва фото материаллар қабул қилинади. 

Танловга тақдим этилган материаллар мамлакатимизда фаолият олиб бораётган босма оммавий ахборот воситалари, интернет нашрларда чоп этилган бўлиши лозим. 

Тақдим этилган материаллар ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тилларида тайёрланган, эълон қилинган босма ёки интернет нашри аниқ кўрсатилган электрон ва босма нусхада бўлиши керак.

Фоторепортажлар асл нусхада тақдим этилади. Ижодий ишларга муаллиф тўғрисида маълумотлар (фамилияси, исми, профессионал фаолияти тўғрисида қисқача маълумот, паспорт нусхаси) илова қилинади. Танловга тақдим этилган ижодий ишлар қайтарилмайди. 
Танлов ғолибларига мукофотлар

Ғолиблар диплом ва компьютер жамланмаси, телевизор, планшет ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. 

    Бошқа янгиликлар