Хитойда коронавирусдан ҳам хавфли бўлган қора ўлат тарқалди

ДУНЁ 07.07.2020, 07:53
Хитойда коронавирусдан ҳам хавфли бўлган қора ўлат тарқалди

Хитой шимолидаги Баян-Нур шаҳрида қора ўлат хавфининг учинчи даражаси эълон қилинди, деб хабар бермоқда «РБК» Sinxua’га таяниб, деб ёзди "Дарё"

Касалланиш ҳолати Ички Мўғулистон мухтор вилоятида қайд этилган. Баян-Нур касалхонасига ҳаёт учун хавфли бўлган ушбу инфекцияга чалинган бемор келтирилган.

Баян-Нур шаҳри соғлиқни сақлаш қўмитаси хабарига кўра, айни пайтда қора ўлатнинг Баян-Нур шаҳрида тарқалиши хавфи мавжуд. Шу муносабат билан суғурлар ва бошқа ҳайвонларни овлаш, уларни истеъмол қилиш тақиқланади. Шунингдек, аҳоли тана ҳарорати юқори одамларнинг тўсатдан вафот этгани ҳақида расмийларни хабардор қилиши лозим.

Тиббиёт фанлари доктори, ўта хавфли касалликлар бўйича мутахассис бўлган россиялик Владислав Жемчуговнинг айтишича, Хитой ва Мўғулистон ўлатнинг минг йиллардан буён табиий ўчоқлари ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, Хитойда қора ўлат тарқалганининг ҳеч ажабланарли томони йўқ. «У ерда махсус хизматлар бор, Мўғулистонда ҳам тегишли хизматлар бор. Шундай экан, бунинг ҳеч қандай қўрқинчли томони йўқ»,— деган у.

Инфекционистнинг таъкидлашича, Россиянинг Осиё мамлакатларига чегарадош айрим ҳудудлари — Олтой, Тува, Иркутск вилояти ҳам қора ўлатнинг табиий ўчоғи ҳисобланади.

«Бу ҳақиқатдан ҳам тез-тез содир бўлиб туради — кузда Хитойда, бизда эса бир неча йил аввал Олтойда содир бўлганди», — дейди Жемчугов. Унинг қўшимча қилишича, маҳаллий аҳоли суғурлар, юмронқозиқларни ейди. Унинг билдиришича, ҳозирда Хитойда ҳарбийлар иштирокида ҳақиқий карантин эълон қилинди. Чунки қора ўлат хавфлилик даражасига кўра, коронавирусдан ҳам биринчи ўринда туради.

Маълумот учун, қора ўлат кемирувчилар (юмронқозиқ, суғурлар, қум сичқонлари, дала сичқонлари ва аҳоли яшайдиган жойлардаги каламушлар)да яшайдиган бургалар орқали тарқалади.

Ўлат микроби ҳайвондан одамга ва одамдан одамга трансмиссив йўл билан (масалан, бурга чаққанда), баъзан касал ҳайвон гўштини нимталаганда, шунингдек, овқатга яхши текширилмаган гўшт ишлатилганда юқади.

Касалликнинг ўзига хос хусусияти лимфа тугунларининг оғриқли яллиғланиши ҳисобланиб, бунинг ортида ғурраларга ўхшаш безлар ҳосил бўлади. Касалликнинг инкубацион даври 2-6 кунни ташкил қилади.

Қора ўлатнинг тарқалишининг одатий усули каламуш—бурга—одам схемаси ҳисобланади, аммо ўтмишдаги кенг миқёсли эпидемиялар пайтида одам—бурга—одам схемаси бўйича ўлатга чалинган киши инфекциянинг манбаси бўлиши мумкин.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1