Эътиборингизга ҳавола этилаётган янги лойиҳа “Санъат доирасидан ташқарида” деб номланиб, унда эл севган санъаткорлар билан уларнинг хонадонида учрашиб, санъатдан ташқаридаги ҳаётлари ҳақида суҳбат қурамиз.
Лойиҳамизнинг биринчи меҳмони Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Зокирова бўлиб, суҳбатимиз актриса учун қадрли ва ардоқли бўлган хотиралар ва буюмлар ҳақида кечди.
— Хонадонингизга таклиф қилганингиз учун ташаккур.
— Хуш келибсизлар!
Актрисанинг уйига киришимиз билан тўрда осиғлиқ турган катта портрет эътиборимизни тортди ва сурат кимга тегишли эканини сўрадик.
— Бу раҳматли қайнотам ва қайнонамнинг портрети. Минг афсуски, улар билан учрашиш менга насиб қилмаган. Лекин турмуш ўртоғим, яқинларимиз ва қўни-қўшнилардан улар ҳақида кўп эшитганман. Оқил ва доно инсон бўлишган. Тўққизта фарзандни вояга етказишган. Турмуш ўртоғим - учинчи фарзанд. Қайнотам бу дунёни эрта тарк этган бўлса ҳам, қайнонам барча фарзандларини олий маълумотли қилиб, ҳеч кимдан кам қилмай ўстирганлар. Улар ҳақида фақат яхши фикрларни эшитганман.
— Уйингиз жуда чиройли ва шинам экан.
— Раҳмат! Турмуш ўртоғим ҳам, ўзим ҳам саранжонликни яхши кўрамиз. Ҳар бир нарса ўз жойида бўлиш керак деган олтин қоидамиз бор. Турмуш ўртоғим “Оилада тўққизта фарзанд бўлган бўлсак ҳам, онам доим бизни тоза кийинтириб, саранжом юришга ўргатганлар. Шу сабаб бизнинг оиламизда ҳам тартиб бўлиши шарт” дейди. Қайнона билан келиннинг тупроғи бир ердан олинади деб бежизга айтилмаган, мен ҳам қайнонамга ўхшаб озодаликни хуш кўраман.
— Турмуш ўртоғингиз охирги марта қачон ва нима совға қилган?
— Кунимнинг етмиш фоизи ошхонада ўтишини билгани учун куни кеча турмуш ўртоғим ошхона анжомлари совға қилди. Рўзғорда бу буюмлар қанча кўп бўлса ҳам камлик қиларкан. Худди жуда қадрли совға олгандек хурсанд бўлиб кетдим. Аслида ошхона билан дўстлашганимга кўп бўлгани йўқ. Ёшлигимда ўқиш-ишлар билан бўлиб рўзғор юмушларга кўп улгурмасдим. Аммо мана ўн йилдирки ошхонада “ижод” қилиш энг севимли машғулотларимдан бирига айланган.
— Қизингиз Аслия ҳам сизга ёрдамчи бўлиб қолган кўринади. Оилада бола тарбиясида нималарга аҳамият берасиз?
— Ҳа, қизим уй ишларида анчагина ёрдамчи бўлиб қолган. Болаларга кичкиналигидан уй юмушларни бажаришни ўргатиш лозим. Чунки катта бўлгани сайин меҳнат қилишга, ўзини ўзи эплашга ўрганади. Тўғри болаларни эркалаш, имконият даражасида талабини ҳам қондириш керак, аммо бунда меъёрни унутмаслик лозим. Нима сўраса олиб беравериш биринчидан, уларни эрка, иккинчидан, қийинчиликка сабрсиз қилиб қўяди.
Бундан ташқари ўзимиз ҳам уларга ўрнак бўлишимиз шарт. Масалан, катта ўғлимни кичиклигидан меҳрибонликка, топганини яқинлари билан бўлишишга ўргатдим. Ишдан қайтаётганимда ўзим учун олган шоколод ё шунга ўхшаш ширинликларни яримни ўзим еб қолганини ўғлимга олиб келардим ва: “Мана ўғлим, буни сенга илиндим” дердим. Буни ўзимга одат қилиб олгандим. Бугун эса тўнғичим айнан мана шу хислатни ўзига сингдириб олган. Кичкинтойларим ҳам акасидан ўрнак олишяпти.
— Фарзандингиз қайси совғаси сиз учун қадрли?
— Катта ўғлим 4 ёшида кастинг асосида “Олтин балиқча” номли икки қисмли видеофильмда бош қаҳрамон ролига тасдиқланганди. Ана шу роли учун 70 минг сўм гонарар ҳам олган. Ўша пулга мен ўзимга ва бошқа яқинларимизга ўғлимнинг номидан эсдалик совғалари харид қилганман. Туғилган кунимга эса ўзи йиғиб-тўплаган пулларидан менга соч қуриткич совға қилди. Бугун ўғлим Санкт-Петербургдаги Маданият ва Санъат институтининг актёрлик ва режиссёрлик бўлимида таҳсил оляпти. Ўртамиздаги масофа узоқ. Соғинганимизда ширин хотиралар билан эслаб турамиз.
— Ҳар бир боланинг ўсмир ёшида муаммолар бўлиши табиий. Айтингчи, сиз бу қийин даврни қандай енгиб ўтгансиз?
— Албатта, бу нафақат болалар, балки оналар учун ҳам жуда қийин даврлардан бири. Бизни ҳам бу муаммолар четлаб ўтмаган. Тўнғичим улғайганда укалари жуда кичкина эди. Ўзингиз биласиз, чақалоқларнинг инжиқликлари, уйқусиз тунлар... Руҳан чарчаган пайтимда ўзим истамаган ҳолда аламимни ўғлим Умиддан олган пайтларим бўлган. Тез-тез урушиб қолардик. Ўшанда менга ўзим ижро этган ролларимдан бири катта ёрдам берган. Мактаб директори ролида ўқувчилардан бирининг онасига: “Ота-она ўз фарзанди билан тил топиша олмас экан, бу муаммолар ҳеч қачон тугамайди” деган жойим бор эди. Ўша бир оғиз гап ўзимга ҳам таъсир қилиб, хулоса чиқардим. Кейин жаҳлим чиққанда ўзимни босишга, ўсмир ўғлимни ҳам тушунишга, эшитишга, унга вақт ажратишга ҳаракат қила бошладим. Шундан кейин ҳаммаси изга тушиб кетди. Фарзандаларим тарбиясида ҳам касбимнинг фойдаси теккан дейишим мумкин. Назаримда барча ота-оналар фарзанди билан тил топишиб улар билан дўстона муносабат ўрнатиши лозим. Шундагина ўртадаги меҳр-оқибат йўқолмайди деб ўйлайман.
— Ҳаётингизда оғирингизни енгил қиладиган нарса нима?
— (ўйланиб) Нарсалар ҳақида гапирадиган бўлсак, бу – машинам!. Машина шахсан мен учун бойлик рамзи эмас, аксинча оғиримни енгил қиладиган, энг керакли буюмлардан бири. Ҳозирги кунда автоулов аёлларнинг ўнг қўли дейиш мумкин. Сабаби болаларни боғчага, мактабга, тўгаракларга олиб бориб келиш, шаҳарнинг турли бурчакларида жойлашган бозор ва дўконлардан харид қилиш, ишга, меҳмонга ўз вақтида етиб бориш учун энг қулай восита бу автомобиль бўлиб қолган. Аёл киши ҳар бир ишни турмуш ўртоғининг зиммасига юкламай, унинг ёрдамини кутиб вақт ўтказмасдан ўзи ҳал этиши учун ҳам имконият яратади. Тўғриси, турмуш ўртоғим менга машина совға қилганида аввалига бошқаришга роса қўрққаман. Аммо бугун уни елдек учириб ҳайдайман ва барча ишларимни енгиллаштирганман. Турмуш ўртоғимнинг ҳам қулоғи анча тинчиган (кулади).
Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди