Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида аниқ ва тизимли ҳаракат амалга оширилмоқда. Хусусан:
* 2008 йилда Ўзбекистон БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенциясига ва 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг Коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракатлар режасига қўшилди.
* Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуси билан халқаро стандартларга мувофиқ 2017 йилда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
* 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўзининг туб моҳияти билан айнан коррупцияни таг-томири билан йўқ қилишга қаратилган тарихий ҳужжат бўлди.
* 2017 – 2018 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича биринчи Давлат дастури амалга оширилди. 2019 йилнинг 27 май куни “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президентимизнинг Фармони қабул қилинди. Мазкур фармон билан 2019 – 2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури тасдиқланди.
Мазкур Давлат дастурлари ижроси юзасидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция омилларини келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф қилишга қаратилган 20 га яқин қонун, 100 га яқин Президент ва Ҳукумат қарорлари қабул қилинди.
Жумладан, “Давлат ва хусусий шериклик тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисидаги”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги ва “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш жорий этилди. Коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент назорати самарадорлигини оширилди.
Хусусан, Олий Мажлис палаталарида коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашлари, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашларининг таркибида қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссиялар ташкил этилди.
Давлат органлари томонидан ўз фаолиятининг тизимли таҳлили, коррупция хавфига дучор бўлган соҳа ва йўналишларни аниқлаш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймасликнинг таъсирчан чораларини кўриш йўлга қўйилди. Давлат органлари ва ташкилотларда коррупцияга қарши ички назорат тизими (комплаенс-назорат)ни жорий этиш йўлга қўйилди.
Энг асосийси, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муносабати шакллантирилди ва фуқароларнинг коррупция иллатига қарши ҳуқуқий онги ва маданияти ошди.
Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш соҳасида социологик, махсус, илмий тадқиқотлар ҳамда бошқа турдаги тадқиқотлар ўтказиш йўлга қўйилди.
Масалан, 2019 йилда БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда самарали, ҳисоб берувчи ва ошкора бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши қурашиш” лойиҳаси доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг хорижий мамлакатларнинг бу каби қонунлари билан ўзаро қиёсий таҳлили ҳамда унинг халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқлиги ўрганилди.
2010 йилдан буён Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш бўйича Истанбул ҳаракатлар режасида иштирок этмоқда. Мониторингнинг тўртинчи босқичи бўлиб ўтди, унинг натижаларига кўра халқаро экспертлар Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг аввалги барча тавсиялари бўйича ютуқларга эришганлигини таъкидлашди.
Мазкур мониторинг якунлари бўйича берилган 47 та тавсияларни бажариш юзасидан 31.07.2019 йилда “Йўл харитаси” тасдиқланган.
Хусусан, мазкур тавсиялар асосида Ўзбекистон Республикаси 2019 йилда Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги МДҲнинг Кишинев конвенциясига (Кишинёв ш., 2002 йил 7 октябрь) қўшилди.
Жорий йилда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасига масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.
Мазкур ишларни тизимли равишда давом эттириш мақсадида жорий йилнинг 29 июнь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сон Фармони билан коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига имплементация қилишни давом эттириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш белгиланди.
Шу боис, Бош прокуратура томонидан коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига имплементация қилишни давом эттириш бўйича таклифлар тайёрланмоқда.
Хусусан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг 4-босқич мониторинги якуни бўйича коррупция хавфларини баҳолаш асосида миллий, минтақавий, маҳаллий, тармоқ ва идоравий даражаларда ягона сиёсатини ишлаб чиқишни таъминлаш, бундай баҳолашнинг ягона методологиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тавсия этилган.
Шу боис, коррупция хавфи юқори бўлган давлат органлари ва соҳаларида коррупция хавф-хатарларини баҳолаш бўйича намунавий услубиёт ишлаб чиқиш ва қабул қилиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Коррупция учун жиноий жавобгарлик Конвенцияси (Страсбург, 1999 йил 27 январь), Коррупция учун фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик Конвенцияси (Страсбург, 1999 йил 4 ноябрь) ва Халқаро тижорат битимларини амалга оширишда хорижий мансабдор шахсларни пора бериб сотиб олишга қарши курашиш Конвенцияси (Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёти ташкилоти, 1997 йил 17 декабрь) қўшилиш масаласини кўриб чиқиб таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясида белгиланган хорижий давлат мансабдор шахсларига ва халқаро давлат ташкилотларининг мансабдор шахсларига пора бериш, юридик шахсларнинг жавобгарлиги ва бошқа коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш чораларини таъминлаш бўйича тегишли нормаларга миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқиш киритилмоқда.
Албатта, ўтган давр мобайнида коррупцияга қарши курашиш соҳасида муайян натижаларга эришилган бўлса-да, истиқболда бир қатор вазифаларни амалга ошириш лозим.
Коррупцияга қарши халқаро стандартлар миллий қонунчиликка имплементация қилиниши, шу жумладан, амалдаги жиноят қонунчилиги билан қамраб олинмаган коррупциявий қилмишлар криминализация қилиниши ва бошқа ташкилий чоралар кўрилишини талаб этади. Бунда, албатта ривожланган давлатларнинг ижобий тажрибаси ҳамда халқаро ташкилотларнинг тавсиялари инобатга олиш лозим бўлади.
Бош прокуратура бошқарма прокурори
Нодиржон Шарипов






