Аввал хабар қилинганидек, Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон транспорт вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган ва Республика махсус комиссиясига киритилган режага мувофиқ, 2020 йилнинг 28 августидан бошлаб "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг рейслари Екатеринбург, Ростов-Дон, Новосибирск ва Самара шаҳарларига ҳар ҳафта мобайнида ташкил этилади. Айни пайтда ТИВ ушбу жараёнда ватанга қайтарилаётган Ўзбекистон фуқароларидан тартибга амал қилишларини сўрамоқда.
Ҳозирда ватандошларимизнинг айнан бир ҳудуд, жумладан, темир йўл станцияларида тўпланишни давом эттираётгани уларни босқичма-босқич олиб келиш жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда
Шуни қайд этамизки, коронавирус пандемияси шароитида фуқароларнинг оммавий тўпланиши вирусни юқтириш хавфини оширади. Айниқса, соғлиғи хавф остидаги тоифалар (қариялар, ҳомиладор аёллар, беморлар, сурункали касалликка чалинганлар) учун бу ҳолат янада хатарлидир.
Россия ҳудудида бўлган ватандошларимиздан поезд станцияларида тўпланмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва барча карантин талабларига қатъий риоя қилишларини яна бир бор сўраймиз.






