АсосийJamiyat

Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини қонунчиликга имплементация қилишнинг аҳамияти нималардан иборат?

'Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини қонунчиликга имплементация қилишнинг аҳамияти нималардан иборат?'ning rasmi

Коррупция каби иллат ҳар қандай жамиятда қораланади. Барча давлатлар учун умумий бўлган муаммони ҳал қилиш учун уларнинг аксариятида коррупцияга қарши курашиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Халқаро ҳамжамиятда коррупцияни олдини олиш ва уни йўқ қилишнинг самарали чора-тадбирларини ишлаб чиқиш мақсадида мажбурий характерга эга бўлмаган халқаро шартномалар ҳамда тавсиялар қабул қилиниб, улардан коррупцияни мониторинг қилишнинг самарали механизми сифатида фойдаланилади.

Бугунги кунга келиб, халқаро ташкилотлар томонидан коррупцияга қарши курашиш масаласида бир қатор халқаро ҳужжатлар қабул қилинганлиги муаммонинг муҳимлигини ва коррупцияга қарши курашиш дунёнинг барча давлатларининг вазифаси эканлигини тасдиқлайди. Жумладан: 

– Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқий кодекси 
(Нью-Йорк, 1996 йил 12 декабрь);

– Коррупция бўйича жиноий жавобгарлик конвенцияси 
(Страсбург, 1999 йил 27 январь);

– Коррупция бўйича фуқаровий-ҳуқуқий жавобгарлик конвенцияси (Страсбург, 1999 йил 4 ноябрь) ва мазкур Конвенцияга қўшимча протокол (Страсбург, 2003 йил 15 май);

– Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенцияси (2003 йил 31 октябрь) ва бошқалар қабул қилинган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2003 йил 
21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан бошлаб “9 декабрь – Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни” сифатида нишонланмоқда.

Ўзбекистоннинг 2008 йили БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига, 2010 йили Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашиш бўйича Истанбул ҳаракат режасига қўшилиши – коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини яратишда муҳим қадам бўлди. Айниқса, ИҲТТнинг коррупцияга қарши курашиш Истанбул ҳаракат режаси доирасида Тўртинчи раунд натижалари бўйича Ўзбекистонга тавсияларида “давлат хизмати” тизимини ислоҳ қилинишида бир қатор муҳим тавсиялар белгиланган. Хусусан, 5.1 ва 5.4-бандида Давлат хизмати тўғрисидаги ягона қонунни қабул қилиниши, унда манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ва тартибга солиш ҳақида асосий қоидаларни белгилаш ва уларни амалиётда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўлланишини таъминлаш; манфаатлар тўқнашуви ва уни тартибга солиш ҳақида хабар бериш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш, ўзига ёки яқинлари учун фойда олиш мақсадида манфаатлар тўқнашувига 
йўл қўйиш натижасида кўп миқдорда зарар келиб чиққан ҳолларда мансабдор шахсни жиноий жавобгарликка тортиш масаласини киритишни кўриб чиқиш каби тавсиялар белгиланган.

Халқаро ва миллий қонун ҳужжатлари асосида, мансабдор шахсларга коррупциявий ҳаракатларни содир этиши учун имконият яратаётган омилларни бартараф қилиш – ҳар бир давлат органининг доимий вазифасига айланмоқда.

Ҳозирда миллий қонунчиликни замонавий талабларга мувофиқлаштириш мақсадида янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қабул қилиш ва амалдаги қонун ҳужжатларни такомиллаштиришни талаб қилмоқда.

Бу борада коррупцияга қарши курашиш халқаро стадартларини миллий қонунчиликка имплементацияси нафақат миллий даражадаги коррупцияга қарши курашишнинг зарурий шарти бўлибгина қолмай, балки глобал коррупцияга қарши курашишнинг самарали тартибини шакллантирилишида муҳим аҳамият касб этади 

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро стандартларни ўрганиш ҳамда уларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш коррупцияга қарши кураш бўйича самарали тизимни жорий этишда ҳамда давлат хизматчилари орасида мазкур иллатнинг бартараф этилишида муҳим аҳамият касб этади.

                                                           Жўраева Феруза, Ўзбекистон Республикаси Президенти  ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги етакчи инспектори

    Бошқа янгиликлар