Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида оширилаётган ислоҳотлар жараёнида судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди...
Мамлакатимиз Президентининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳам ушбу соҳада қилинаётган ишларнинг мантиқий давоми десак хато қилмаймиз.
Қарорда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш вазифаси топширилган бўлиб, мазкур янгиликлар судга келувчи ҳамда мурожаат қилувчи фуқароларнинг кўрсатиладиган хизматлардан очиқ ва эркин фойдаланиш, очиқ фойдаланишда бўлган материаллар билан танишиш, судга мурожаат қилиш ва қилинган мурожаатлар бўйича суд томонидан олиб борилаётган ҳаракатлар, мурожаатни кўриб чиқиш қайси босқичда эканлигидан онлайн хабардор бўлишларини таъминлайди.
Судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш билан давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич улаб борилади. Бу билан ишни кўриш жараёнида юқорида кўрсатилган мазкур муассасалардан талаб қилиб олиниши лозим бўлган ҳужжатларни олиш муддатларини қисқаради, тарафларнинг ортиқча оворагарчилигига чек қўйилади.
Яъни, судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотларни электрон шаклда юбориш орқали муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олинади.
Махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш билан Судьялар олий кенгашига судьялар, судьялик лавозимларига номзодлар томонидан электрон мурожаат қилиш, суҳбат жараёнида бериладиган саволлар ва вазифаларни ахборот тизими ёрдамида автоматлаштирилган ҳолда танлаш, Судьялар олий мактабига унинг расмий веб-сайти орқали ариза ва мурожаатларни йўллаш, профессор-ўқитувчилар ва тингловчиларнинг рейтинг кўрсаткичларини электрон тарзда шакллантириш, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш курслари тингловчиларининг ўқув жараёнини онлайн тарзда назорат қилиш тартиби ўрнатилади.
Суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан, мобиль қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек, иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш билан тарафларнинг суд ҳужжатларини олишдаги оворагарчилиги олди олинади.
Суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш орқали суд ҳамда судга мурожаат қилувчилар тўғрисидаги маълумотлар ҳимоя қилинади. Суднинг иш юритувида бўлган, ошкор қилиниши мумкин бўлмаган ишлар тўғрисида маълумотларнинг ошкор бўлишининг олди олинади.
Суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш:
- Биринчидан, суд ишларини олиб боришда, суд мажлиси баённомаларини юритишда қулайлик яратса;
- Иккинчидан тарафларда одил судловга бўлган ишончни оширади.
Апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимланиши бўлса, ишларнинг тақсимотига аралашишнинг олдини олиб, мазкур инстанцияларда ҳам шаффофликни таъминлайди. Фуқароларда одил судловга бўлган ишончни оширади.
Суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш аввало тарафларнинг суд мажлиси тўғрисида қисқа муддатларда ва аниқ огоҳлантирилишини таъминласа, иккинчидан суд мажлисига қасддан келмасдан суд ишларини сунъий чўзмоқчи бўлган тарафларнинг суд мажлиси тўғрисида огоҳлантирилганлигига далил бўлади.
- Судлар фаолиятида қўшимча имкониятлар берувчи “Адолат” ахборот тизимлари комплекси орқали давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш;
- Манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш;
- Суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш;
- Суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш мумкин бўлади.
Бу эса ўз ўрнида судья ва суд ходимларининг кундалик ишларида анча қулайликлар яратади.
Суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобиль дастурни ишлаб чиқилиши тарафларнинг суд биносида келмасдан, ўзлари учун қулай бўлган жойдан суд мажлисида иштирок этишларини таъминлайди. Бу эса ўз ўрнида тарафларнинг суд биносига келиб-кетиб овора бўлишларининг олдини олади.
Қисқача қилиб айтганда, мазкур қарор билан амалга киритилиши кўзда тутилган янгиликларнинг барчаси суд фаолияти шаффофлигини таъминлаш, фуқаро ва юридик шахсларнинг судга мурожаат қилишларини иш жараёнига рақамли технологияларни киритиш ҳамда улардан кенг фойдаланиш орқали соддалаштиришга қаратилган.
М.Саидов, Бухоро вилоят иқтисодий суди раиси,
А.Сафаров, Ромитан туманлараро иқтисодий суди раиси