Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати қиз болани алдаб, уни чув тушурган фирибгар ҳақида хабар қилди.
Маълум бўлишича, 2020 йилнинг 27 август куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани М.Ганди кўчаси 10/27-уйда яшовчи, 1989 йилда туғилган Н.Ф., Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳар Соҳибкор кўчаси 17-уйда яшовчи, 1989 йилда туғилган Т.С.нинг ишончига киради.
Ўзини таниқли журнал фотосуратчиси сифатида таништириб, уни қадимий обидалар олдида суратга тушириш мақсадида Бухоро шаҳрига олиб келиб, фотосуратларини журналнинг бош саҳифасига чиқариб уни фотомодель сифатида машҳур қилишини айтади. Журналнинг ҳар бир саҳифаси учун қизга 850.000 сўмдан тўлов тўлашга келишиб, жабрланувчи Т.С.дан меҳмонхона харажатлари учун 650.000 сўм нақд пулларини алдов йўли билан олиб, фирибгарлик жиноятини содир қилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, 2-сонли Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан муқаддам худди шу каби жиноятни содир этганлиги учун судланиб, жавобгарликка тортилган Ф.Н. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






