Аввал хабар қилинганидек, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 18 сентябрь куни ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилиш аввалида давлат раҳбари коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақида гапириб, бу борада амалга ошириш лозим бўлган айрим масалаларга тўхталди.
Куз мавсумида шамоллаш кўпайиши, коронавирусга қўшимча бошқа касалликларнинг ортишини инобатга олиб, беморлар учун яратилган захира ўринларини кўпайтириш, зарур тиббий жиҳозлар ва дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Биринчи навбатда тиббиёт ходимлари ва мактаб ўқитувчиларини, 65 ёшдан ошган кексаларни гриппга қарши эмлаш зарурлигига эътибор қаратилди.






