АсосийJamiyat

Фейк хабарлар қандай мақсадда тарқатилади? Ёхуд салбий ахборотлар қанча кўп бўлса, аудитория шунча кенгми?

'Фейк хабарлар қандай мақсадда тарқатилади? Ёхуд салбий ахборотлар қанча кўп бўлса, аудитория шунча кенгми?'ning rasmi

Фейк янгиликлар узоқ вақтдан бери давом этаётган стереотипларни янада жонлантиради ва миллионлаб одамларнинг жамоатчилик фикрини шакллантиришга таъсир қилмоқда. Хорижий журналистлар ахборотнинг қадр-қиммати, жамиятдаги ОАВ ҳақида барча учун мураккаб бир вазиятда қандай фикрда? Замонавий ахборот майдонида фейкларнинг ўрни қандай? Ўзбекистон журналистларини қайта тайёрлаш маркази ОАВда мазкур масала юзасидан экспертлар давра суҳбати ўтказилди...

                     ФЕЙКЛАР СЎЗ ЭРКИНЛИГИНИ ЧЕКЛАНИШИ ДЕБ ҲИСОБЛАШ МУМКИНМИ?

Герхард БИРКЛ, (Германия) машҳур www.uzbekistan.online.de интернет сайти бош муҳаррири:

— Интернетда истеъмолчилар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сони тобора ортиб бормоқда ва журналистлар учун катта ахборот оқими орасидан ҳақиқатан ҳам содир бўлган воқеаларни нотўғри маълумотлардан топиш ва ажратиш тобора қийинлашиб бормоқда. Журналистлар содир бўлаётган воқеаларга жуда тез ва пухта жавоб беришлари ҳамда ўз аудиториясини амалий, холис ва ваколатли тарзда хабардор қилишлари керак. Материалнинг мазмунини ҳақиқатга мос келиши ва маълумотларнинг тўғри ёки нотўғри эканини текшириш керак. “Fake News” бугунги кунда янгилик эмас. Масалан, II жаҳон уруши даврида ҳам ҳарбий ҳаракатлар пайтида ёлғон “ғалаба” хабарлари тарқалди, учинчи рейхнинг кўплаб манипулятсияси содир бўлди. Полшанинг немис рейхига ҳужуми ҳақида мутлақо сохта маълумотлар бор эди ўша даврларда. Натижа ҳалокатли оқибатларга олиб келди. 70 миллион инсонни ўз домига олиб кетган жаҳон уруши бошланди.

“Fake News” ҳам иқтисодиётни, бизнесни мақсад қилиб қўяди ва келажакда маҳсулотни жойлаштириш, бозорни аниқлаш ва бошқалар учун маркетинг тадқиқотларини текшириш учун “янгилик” сифатида шакллантирилади. Афсуски, кўплаб ОАВда асосий қоида мавжуд: қанча салбий маълумотлар бўлса, аудиторияга шунча кўпроқ эътибор қаратилади. ОАВ фикрича, оламшумул тафсилотлар билан безатилган қисқа ва лўнда ахборот оммага тушунарли, объектив маълумотларга қараганда, омма орасида яхшироқ ва муваффақиятлироқ тарқалади.  

Таъкидлаш жоиз, ҳар бир жиддий журналист учун профессионал ахлоқ кодексига риоя қилиш муҳим аҳамиятга эга. Германия матбуот Иттифоқи қуйидаги матбуот вазифаларини белгилайди:

Федерал республиканинг асосий қонунида мустаҳкамланган матбуот эркинлиги мустақиллик ва ахборот эркинлиги, сўз ва танқид эркинлигини ўз ичига олади. Ноширлар ва журналистлар жамоатчилик олдидаги масъулиятдан хабардор бўлишлари ва ўз ишларида матбуот обрўсига содиқ қолишлари керак. Улар ўзларининг журналистик вазифаларини ўз билимлари ва виждонлари даражасида, шахсий манфаатлар ва моддий мотивлар таъсирисиз амалга оширади. Публицистик принциплар матбуотнинг профессионал ахлоқини аниқлайди. Бу Конституция ва конституциявий қонунларга мувофиқ матбуот тамойилларини қўллаб-қувватлаш ва матбуот эркинлигини ҳимоя қилиш мажбуриятини ўз ичига олади.

Профессионал ахлоқ ҳар бир киши учун матбуотга шикоят қилиш ҳуқуқини тан олади. Агар профессионал ахлоқ бузилган бўлса, шикоятлар асосли ҳисобланади. Ушбу муқаддима ахлоқий меъёрларнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Биз сайтимиз орқали Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда юз бераётган воқеаларни ёритамиз. Бизнинг платформамизнинг мақсади халқларимиз ўртасидаги дўстликни янада ривожлантириш учун ҳамкорликни ёритишдан иборат. Шиоримиз: “Ҳалоллик узоқ вақт давомида ишончни сақлаб қолади!”.

                          “ЁЛҒОН МАЪЛУМОТЛАРНИ ТАРҚАТИШ ЎЗ ФИКРИНИ ЭРКИН 
                                ИФОДА ЭТИШ ҲУҚУҚИНИ СУИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШДИР”

— Сохта хабарлар ҳар қандай давлатнинг сўз ва матбуот эркинлигига таъсир қилиши мумкинми?

Олга ДИДЕНКО, Медиа қонунчилиги бўйича ҳудудий эксперт:

— Ёлғон маълумотлар, нафрат ва адоват уйғотувчи сўзларни тарқатиш ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқини суистеъмол қилишдир. Бунинг учун жавобгарлик деярли барча мамлакатларда кўзда тутилган. Одатда, қасддан бундай қиладиганлар ҳаракатлари жамоатчиликка зарар етказишини яхши тушунади ва онгли равишда шу йўлдан боради. Бу жамият учун тузатиб бўлмас зиён етказиши мумкин бўлган хавфли ҳаракатлардир. Улар касбнинг этика тамойилларини онгли равишда бузиб, ўз нуфузи ва аудиторияси ишончига путур етказишади. Қоидага кўра, ёлғон хабар тарқатиш учун жавобгарлик кўзда тутилган. Халқаро стандартларга кўра, сўз эркинлиги учун жиноий жавобгарликка тортиш фақатгина истисно ҳолатларда, нафрат ва адоват уйғотувчи сўзлар ҳақида гап кетгандагина жоиздир. Халқаро ташкилотларнинг барчаси БМТга аъзо мамлакатларни ахборотни тарқатишда жиноий жавобгарликка тортиш ҳуқуқидан ахборот ёлғон, атайин тарқатилган ёлғон сифатида таснифланаётган бўлса-да, эҳтиёткорлик билан, фақат истисно ҳолатлардагина фойдаланишга чақиради. Албатта, халқаро рейтинглар сўз эркинлиги учун жавобгарликка тортиш миллий қонунчиликнинг халқаро мезонларга мувофиқлигини баҳолаб боради. Жиноят кодексида шундай моддалар бўлса-ю, лекин амал қилинмаса, уларни истисно қилиш бўйича тавсиялар берилиши мумкин. Бундай моддаларнинг қонунчиликда мавжудлиги ҳам, жиноят ишларининг тез-тез қўзғатилиши ҳам сўз ва матбуот эркинлиги рейтингига таъсир қилади. Сўз эркинлиги учун жиноий жавобгарликка тортиш, ахборот тарқатганлик учун жиноят ишларининг очилиши қанчалик юқори бўлса, давлат рейтинги шунчалик паст бўлади.

                                    “АҲОЛИНИНГ МЕДИАСАВОДХОНЛИГИНИ ОШИРИШ ЗАРУР”

Беруний АЛИМОВ, Ўзбекистон журналистларини қайта тайёрлаш маркази медиа-тренери:  

— Халқаро ва миллий экспертлар ҳамда журналистларнинг барчаси якдил хулоса берди. Яъни, ёлғон ахборотнинг тарқатилиши бу – режалаштирилган ва фейк хабар манбаси аудиторияни атайлаб чалғитишини назарда тутадиган жараён. Бундай хабар бузғунчи характерга эга бўлиб, у худди пандемия сингари одамларни зарарлайди ва уларга салбий таъсир кўрсатади, дунёнинг исталган мамлакатидаги ижтимоий-сиёсий ҳаётни издан чиқаради. Шу муносабат билан, жамиятда ҳалол, ростгўй, ижтимоий масъулиятни ҳис этадиган журналистиканинг ролини кучайтириш зарур. Афсуски, фейк хабарлар жамиятда маълум бир кайфиятлар устунлиги борасида нотўғри қарашларни юзага келтиришда давом этиб, ўқувчиларни чалғитмоқда, сиёсатчилар ва ғояларни обрўсизлантирмоқда. Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, аҳолининг медиасаводхонлигини ошириш зарур, токи ҳар бир ўқувчи медиамакондаги ҳар бир матнга танқидий назар ташлашни билсин. Телеканаллар, газеталар, янгиликлар сайтлари ҳаётимиздан чуқур жой олгани қанчалик ҳақиқат бўлса, медиа саводхонлик ҳамма учун фойдали экани шунчалик бор гап.

    Бошқа янгиликлар