1

2016 йилда қуёш тутилиши икки марта содир бўлади

ДУНЁ 04.01.2016, 13:47
2016 йилда қуёш тутилиши икки марта содир бўлади

Қадимдан қуёш тутилиши билан боғлиқ турли афсоналар юради. Шомонлар шу куни ёвуз руҳлар озодликка чиқади, деган сўзга ишонишган бўлса, Европа халқлари орасида қуёш тутилишини томоша қилиш бахтсизликка олиб келиши мумкин, деган тушунча бўлган. Аслида эса коинот ўз синоатини намоён этувчи ушбу кунга қизиққан, ҳатто унинг қачон содир бўлишини таҳминан хом-чўт қилиш билан шуғулланганлар талайгина.

Астрономлар 2016 йилда нақ икки марта қуёш тутилиши содир бўлишини айтишмоқда. Нега икки марта ва бу қачон бўлади деган саволларга эса қуйида жавоб топишга уриниб кўрамиз.

2016 йилдаги биринчи қуёш тутилиши ҳисоб-китобларга кўра 9 март санасига тўғри келмоқда. Бу 130 – сароснинг 52-тўлиқ  қуёш тутилиши бўлади. Сарос сўзи билан таниш бўлмаганлар учун унинг қисқа маъносини айтиб ўтсак: сарос бу тенг миқдордаги 18,3 тақвим йили бўлиб, унинг тугалланиши қуёш ёки ой тутилиши билан ифодаланади.  Битта сарос ўртача ҳисобда 41 та қуёш тутилишини ўз ичига олади. Шулардан таҳминан ўнга яқини тўлиқ қуёш тутилиши билан содир бўлади. Мазкур саросдаги аввалги қуёш тутилиши.1998 йил 26 февралда юз берган. 2016 йилдан кейингиси эса 2034 йил 20 мартга тўғри келади.  Март ойида кутилаётган қуёш тутилишини Жануби-Шарқий Осиё, Индонезия, Филиппин ороллари ҳамда  Австралия қитьасида кузатиш мумкин. Бу ҳудудларда қуёш тутилиши яққол билинса, Хитой, Корея, Япония, Россиянинг узоқ шарқ ўлкаси ва Камчаткада ҳодисанинг маълум қисми намоён бўлади. Аляска ва Алеут қуёш тутилишининг ярим фазасига гувоҳ бўлишади.

Қуёш тутилишнинг тўлиқ фазаси 4 дақиқаю 9 сонияни ташкил қилади. Олимлар фикрича ушбу ҳодиса Каролин оролларида бутун шакл-шамойили билан кузатилиб, бу ҳудудда яшовчилар тўрт дақиқа давомида вақтинчалик қуёш нурини йўқотиб қўйишади.

Қуёш тутилишининг қисман содир бўлиши – кечки соат 23:00 нинг 19 дақиқаси, 18 сониясига тўғри келади.

Фазанинг тўлиқ бошланиши – соат 00:00 нинг 15 дақиқаси, 53 сониясида юз беради.

Тўлиқ фазанинг тугалланиши – соат 03:00 нинг 38 дақиқаси, 14 сониясида содир бўлади.

Қисман қуёш тутилишининг якунланиши эса – соат 04:00 нинг 34 дақиқаси, 44 сониясида амалга ошади.

Умумий давомийлиги – 5 соату 15 дақиқани ташкил қилади.
Қуёш тутилишининг максимал фазаси координаталар бўйича шимолий кенгликларда 10,1 даража, шарқий узунликда 148,8 даражани ташкил этади. 

Қуёш тутилишида содир бўлган соя 155 километрни  қамраб  олади.

Иккинчиси...

Қуёш тутилишининг иккинчи ҳаракати айни 1 сентябрь кунига тўғри келиши тахмин қилинмоқда. Бу сафаргиси мартдагидан  фарқ қилади. Астрологлар тилида айтганда қуёш тутилиши ҳалқа шаклида юз бериши кутилмоқда. Ҳалқа шаклидаги қуёш тутилиши номи осмон жисмлари механикасидан келиб чиққан. Ой, қуёшни бутунлай беркита олмайди. Бунинг натижасида эса ой атрофида фотосферанинг ингичка ҳалқаси пайдо бўлади. Ана шу кўриниш қуёш тутилишининг ҳалқасимон шакли деган атамани келтириб чиқарган.  Навбатдаги қуёш тутилиши сайёрамизнинг жанубий қитьаларида яққол кузатилиб, шимолий ярим шарни четлаб ўтади. Мадагаскарнинг шимолий ҳудуди ва Жанубий Африка қитьасида яшовчилар қуёш тутилишининг гувоҳи бўлишлари мумкин.

Сентябр ойидаги қуёш тутилиши 6 соатга яқин давом этади. Бошланиши соат 06:13:03 га тўғри келса, якуни соат 12:00:27 да бўлади.

Кўзларни асранг!

Сайёҳлик  фирмаларининг хабар беришича, саргузашт ишқибозлари қуёш тутилишини томоша қилиш учун саёҳат дастурларига қизиқиш билдиришаётган экан. Тўғри, қуёш тутилишини томоша қилишга тақиқ йўқ. Аммо айрим хавфсизлик қоидаларини билиб қўйган мақсадга мувофиқдир. Масалан, қуёш тутилишини оддий кўзойнакларда кузатиб бўлмайди. Қуёш нуридан ҳимояловчи кўзойнаклар ҳам кераклича кўз соққасини ҳимояламайди. Бунинг учун ёки махсус қопламга эга кўзойнак ёхуд рентген тасвири туширилган бир неча қаватли суратлардан фойдаланиш мумкин. Бордию қуёш тутилишини томоша қилгач, енгил бош айланиши, кўз ичининг ачишиши кузатилса шифокорга мурожаат этинг. Астрологлар махсус ҳимоя қопламига эга бўлмаган кўзойнакларсиз фақат 1 дақиқа қуёш тутилишини кузатиш мумкин дейишади. Бир дақиқадан сўнг нигоҳингизни бошқа нарсага қаратиб, кўзга дам бериш лозим.

Интернет материаллари асосида ЮЛДУЗ тайёрлади

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1