Боғчада коронавирус юқтирган тарбиячи ва тарбияланувчиларни даволаш тартиби борми? Муолажа сарф-харажатлари ким томонидан қопланади? Бу саволга Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева жавоб берди. Битта гуруҳ тарбияланувчисида касалланиш тасдиқланганда таълим ташкилотининг фаолияти тўхтатилмайди. Барча мулоқотда бўлганлар рўйхатга олинади, гуруҳ тарбияланувчилари 14 кунга масофавий ўқитиш тизимига ўтказилади ва яшаш манзили бўйича оилавий поликлиникалар томонидан назоратга олинади. 14 кунлик карантин муддати тугагандан сўнг, клиник белгилар кузатилмаган тарбияланувчилар умумий тиббий кўрикдан ўтади ва анъанавий усулда ўқишни хоҳловчиларга мактабгача таълим муассасасига қатнашишига ҳудудий шифокор томонидан рухсат берилади. Бир нафар тарбиячида касаллик аниқланганда МТТнинг фаолияти эпидемиологик ўрганишда мулоқотда бўлганларнинг сони ва касалланиш тарқалишини хавфини баҳолашдан келиб чиқиб, қарор қабул қилинади. Икки ва ундан ортиқ тарбиячида касаллик тасдиқланганда таълим ташкилотнинг фаолияти ҳудудий Санэпидемхизмат қарори билан 14 кун муддатга тўхтатилади. Ташкилотда Санэпидхизматнинг тавсиясига мувофиқ мукаммал тозалов ва дезинфекция ишлари амалга оширилади. |
07.10.2020 21:56