Ўзбекистон Республикаси фуқароси Фазлиддин Қурбонов АҚШнинг Айдахо штатида террорчилик ташкилотини қўллаб-қувватлаганликда ва портловчи мосламаларни сақлаганликда айбланиб, 25 йил қамоқ жазосига маҳкум этилди. Бу ҳақда АҚШ адлия вазирлиги маълумотларига асосланиб, “РИА Новости” хабар бермоқда.
“Фазлиддин Қурбонов ‘Ўзбекистон ислом ҳаракати’ни молиявий қўллаб-қувватлагани ва портловчи мослама ясашда фойдаланиладиган ускуналар сотиб олгани учун қамоқ жазосига тортилди. Портловчи мослама Америка ҳудудида теракт содир этиш мақсадида сақланган”, — деди АҚШ бош прокуратурасининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жон Карлин.
33 ёшли Қурбонов 2015 йилнинг август ойила суд томонидан айбдор деб топилган эди. У қамоқ жазосини ўтаб бўлгач, Ўзбекистонга депорт қилиниши таъкидланмоқда.
Фазлиддин Қурбонов 2013 йилда ФҚБ томонидан ҳибсга олинган эди. Федераль қидирув бюроси томонидан аниқланишича, Фазлиддин Skype дастури орқали “Ўзбекистон ислом ҳаракати” ташкилоти аъзолари билан мулоқот қилган.
“Ўзбекистон ислом ҳаракати” бир қатор давлатларда, жумладан Ўзбекистон, АҚШ ва Россияда тақиқланган террорчилик гуруҳи ҳисобланади.





