Она тилидаги мактабда таълим олиш фанларни ўзлаштиришга ёрдам беришини инобатга олиб, пойтахтда ўзбек тилидаги мактабларга биринчи синфга ўқишга бериш улушини 55,5 фоизгача орттиришга эришилди, дея хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги.
Халқаро тадқиқотларга кўра ўз она тилидаги мактабда таълим олаётган ўқувчи фанларни ўзлаштириши осонроқ бўлади. Айниқса бошланғич таълим даврида ўқувчиларнинг оилада гаплашиладиган тилда мактабда ўқиши уй вазифаларини тайёрлашга ва фанларни ўзлаштиришни яхшилашга ёрдам беради.
Баъзи ота-оналар ўзлари рус тилини етарли даражада билмасаларда, ўз фарзандини биринчи синфга русча мактабга беришга ҳаракат қилишлари натижасида, биринчидан, ўқувчини ўзи қийналиши, иккинчидан эса, ўқитувчи айнан ўзлаштиришда орқада қолаётган ўқувчига кўпроқ эътибор қаратишини инобатга олиб, бу рус тилидаги мактабларда бошқа ўқувчиларнинг ҳам ўзлаштиришига салбий таъсир этаётгани кузатилаётган эди.
Бунинг устига рус мактабларида бир синфдаги ўқувчилар сони меъёрдан (35тадан) ортиб кетиши ҳам ўзининг салбий оқибатларига эга эди. Айниқса юқори синфларга борганда бошқа предметларни (математика, физика, кимё ва ҳ.к.) рус тилида ўқитиш бўйича педагоглар етишмаслиги, рус мактабларидаги ўқувчиларнинг ушбу фанлар бўйича ўзлаштиришига жуда салбий таъсир этиши кузатилган.
Шунинг учун, охирги икки йил давомида пойтахтдаги ўзбек тилида дарс бериладиган мактабларнинг моддий-техник ҳолатини яхшилаш ва таълим сифатини ошириш бўйича ишлар, жумладан, ушбу мактабларда рус ва инглиз тилларини ўқитишни яхшилаш бўйича лойиҳалар натижасида пойтахтда 1-синфга қабул қилинган ўқувчилар орасида ўзбек тилида таълим олиб бориладиган мактабларнинг улуши 55,5%гача ортди. 2018 йилда бу кўрсаткич атиги 48% эди.
Ўзбек тилидаги мактаблар нуфузини ошириш бўйича ишлар тизимли равишда давом эттирилади. Бу эса, ўз навбатида рус тилида дарс бериладиган мактаблардаги таълим сифатини оширишга ҳам ёрдам беради.