АсосийJamiyat

2015 йилда 50 мингга яқин диний материалнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди

2015 йилда божхоначилар ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари томонидан 1200 дан зиёд божхона қоидабузарлиги аниқланган, 50 мингга яқин диний материалнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасидан маълум қилишди.

Ахборот технологиялари жадал ривожланиши билан диний мазмундаги адабиётлар, фото ва видеоматериалларни мобиль телефонлари, ноутбук ва турли хотира қурилмалари орқали олиб киришга уриниш ҳолатлари кўпаймоқда.

Масалан, фуқаро М.Носирова (исм-шарифи ўзгартирилган) номига хориждан юборилган почта жўнатмаси божхона назоратидан ўтказилганда буюмлар орасига яширилган ташқи хотира қурилмасида диний мазмундаги ва зўравонликни тарғиб қилувчи ҳужжатли фильмлар борлиги аниқланган. 

Пойтахтимизнинг “Келес” темир йўл чегара божхона постида Москва-Тошкент поезди йўловчиси Ф.Бекматовнинг юклари божхона назоратидан ўтказилганда, ундаги мобиль телефонда диний экстремистик ва терроризмни тарғиб қилувчи фотосуратлар аниқланган. Уфа-Тошкент поезди йўловчиси Ш.Одиловнинг мобиль телефони хотирасида ҳам диний мазмундаги, шафқатсизликни тарғиб қилувчи видеофайллар борлиги маълум бўлган. 

“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳам диний мазмундаги материалларни ноқонуний равишда олиб киришга бўлган уринишларнинг олди олинмоқда. Уфа-Тошкент йўналиши бўйича парвозини якунлаган И.Ҳамидовнинг қўл телефони божхона кўригидан ўтказилганда 10 дона, М.Салимовнинг уяли алоқа воситаси хотирасида 30 дона диний мазмундаги маъруза борлиги аниқланган. Бундай материаллар хорижий давлатлардан қайтган қатор шахслар мобиль қурилмаларида топилган. 

Ҳозирги кунда ушбу ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

 

    Бошқа янгиликлар