“Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига асосан яратилган, энг узоқ кутилган фильмнинг ёпиқ тақдимоти ҳақида аввалроқ хабар бергандик.
Мазкур тадбирга ташриф буюрар эканмиз, ундаги бош роль ижрочиларидан бири Жавоҳир Зокировни сухбатга тортдик ва унинг фильм ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.
- “Барон”нинг асл моҳияти ёшларга ҳаром пул билан яхшиликка эришиб бўлмаслигини, ҳаром йўл билан топилган бойлик ҳеч қачон ҳеч кимга юқмаслигини тушунтиришдир. Бу гал яхши персонажни яратдим ва ушбу ролни ўйнаш мен учун ғурур бўлди. Аслида барча ёшлар биз санъаткорларга қарайди. Биз образимиз орқали қачалик уларни ишонтира олсак бу ютуғимиз бўлади. Бу сафар мен айнан шундай ижобий роль яратишни истадим ва бу ҳақда режиссёр Рустам Саъдиевга айтдим", - дейди актёр.
Ундан салбий образлардан кейин ижобий қаҳрамонни яратиш қанчалик қийин бўлгани билан қизиққанимизда, у шундай жавоб берди:
- Мен учун ҳеч қандай қийинчилик бўлмади, мен ҳар бир образимни мазза қилиб ўйнайман, ҳар бир ролимни яхши кўраман, бошқа иш билан шуғуллана олмайман, ўз ишимни севаман.
Фильмнинг ўзига хос томони тўғрисида актёр уни жуда катта ва маҳоратли гуруҳ яратганлигини ва олдин бундай ансамбль билан ҳеч ўйнамаганини айтиб ўтди. Россия, Голливуд, энг зўр оператор, энг зўр режиссёр, ҳатто кичик эпизодларда ҳам таниқли актёрлар жамоаси ўйнади. Энг зўр жамоа ўйнагани ҳам фильмнинг ўзига хос томони бўлди.