Президентнинг “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 1 декабрдан республикамизда Давлат тиббий суғурта жамғармаси ташкил қилинади.
Ҳужжатга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳаси дастлаб Сирдарё вилоятида амалга оширилади. Ушбу лойиҳа қўйидагиларни ўз ўз ичига олади:
2020 йил 1 декабрдан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилади. Ташкилотнинг вазифалари:
давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш, бошқариш ҳамда ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш;
аҳолининг барча қатламларини кафолатланган пакет доирасида сифатли ва зарур тиббий ёрдам билан таъминлаш мақсадида тиббий хизматлар стратегик хариди тизимини жорий этиш;
тажриба-синов лойиҳаси доирасида Давлат бюджетидан кафолатланган пакетни молиялаштириш мақсадида ажратиладиган маблағларни жамлаш, бошқариш, уларнинг мақсадли ва самарали сарфланишини ташкил этишдан иборат.






