Корхоналарни корпоратив бошқариш бўйича илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида акциядорлик жамиятларининг янги намунавий тузилмаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Шу тариқа, замонавий корпоратив бошқарув тизими талабларини инобатга олган ҳолда, Лавозим ва касбларнинг янги классификатори ишлаб чиқилди ва тасдиқланди, унга бозор иқтисодиёти талабларига мос келадиган 566 та янги тоифа киритилди.
Ана шу классификатор асосида раҳбарлар таркиби аттестациядан ўтказилди. Раҳбар кадрларнинг корпоратив бошқарувнинг замонавий усул ва принциплари, менежмент ва маркетинг бўйича билимларини баҳолаш ушбу синовнинг асосий мақсади қилиб қўйилди.
Унинг натижаларига кўра, аттестация қилинган 721 нафар раҳбар ходимнинг ярми – 49 фоизи аттестациядан ўтган бўлса, уларнинг ҳар учинчиси аттестациядан шартли равишда ўтказилган, 20 фоизи ёки ҳар бешинчи раҳбар эса эгаллаб турган лавозимига лойиқ эмас, деб топилган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида қайд этилди.