АсосийJamiyat

“Камалак юлдузлари” фестивалида 111 нафар бола ғолиб бўлди

“Истиқлол” санъат саройида “Камалак юлдузлари – 2015” республика болалар ижодиёти фестивали ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир ва улар иштирокида гала-концерт бўлиб ўтди.         

«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирга фестивалнинг якуний босқичида муваффақиятли иштирок этган ўғил-қизлар, ўқитувчи ва мураббийлар, ота-оналар, кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.

Фестивалнинг барча босқичида 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган 60 минг 400 нафардан ортиқ иқтидорли ўғил-қиз ўз маҳоратини намойиш этди. Улардан 111 нафари ғолибликни қўлга киритди. Саралаш босқичларида ўқувчиларнинг мумтоз ва миллий мусиқа чолғулари ижрочилиги, анъанавий ва академик хонандалик, хореография, тасвирий ва амалий санъат, наср ва назм йўналишидаги истеъдод ва маҳорати таниқли санъаткор ва мутахассислар томонидан баҳоланди.         

Лойиҳа доирасида пойтахтимиздаги кўргазма залларида болалар расмлари кўргазмаси, моҳир рассом ва ҳайкалтарошлар, уста ҳунармандлар, мусиқашунослар, режиссёрлар, шоир ва ёзувчилар иштирокида маҳорат сабоқлари, ижодий учрашувлар бўлиб ўтди.

Ёш истеъдод соҳиблари учун Мустақиллик майдони, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи, «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи, маънавият ва маърифат масканларига саёҳатлар ташкил этилди.  

    Бошқа янгиликлар