Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, Навоий вилоятида йил бошидан то ҳозирга қадар 203та ЙТҲ қайд этилган бўлиб, бу ҳодисалар оқибатида 158 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳат олган, 69 нафари эса вафот этган. Бугунги кунда кўплаб ЙТҲларнинг асосий омили ҳайдовчиларнинг эътиборсизлиги ёхуд диққатни жамлай олмаслик натижасида юзага келмоқда. Автомашина бошқарувчиларига аён-ки, сергакликни бир сонияга йўқотиш кўпларнинг ҳаётига хавф солиши мумкин.
Хусусан, фуқаро О.В ўзининг бошқарувида бўлган Нексия автомашинасида Навоий ҳудудидаги маҳаллий аҳамиятга эга бўлган 4N396 автомобиль йўлининг 7-километрида “Тиконли-Чўя” йўналиши бўйлаб ҳаракатлантириб бораётган пайтида тезликни меъёридан оширгани ва бепарволиги сабаб, ўз йўналишидан чиқиб кетиб, ЙТҲни содир этган.
Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги ТБ терговчилари томонидан тўпланган маълумотларда келтирилишича, ҳайдовчининг автомашинасида 2 йўловчи бўлиб, автоҳалокат натижасида улардан бири фуқаро Қ.С “оғир қўшма шикастланиши, бош мия лат ейиши, ўнг ва чап билак суяклари очиқ синиб силжиши”, иккинчи йўловчи фуқаро Ҳ.Шда эса, “Бош мия ёпиқ шикастланиши, бош мия лат ейиши, оғир даражадаги кома ҳолати” билан туман Тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Улардан бири айни пайтда кома ҳолатида, иккинчи фуқаро, яъни Ҳ.Ш кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этди, - дейди Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси терговчиси Шаҳризод Худойбердиев. Нохуш ҳодиса сабабчисига айланган ҳайдовчи В.Они ҳатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноят аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли, унга нисбатан мазкур модда билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Йўл тартибни ёқтиради. Бунда ҳайдовчи ҳам – пиёда ҳам бирдек масъулиятга эга. Йўлларда тезликни меъёрдан ошириш каби ҳолатларнинг якуни фақатгина кўнгилсизликларга олиб келади. Агар белгиланган қоидаларга амал қилинса, аминмиз-ки, турли нохуш вазиятлардан йироқ бўламиз!
Ширингул Асоева