АсосийJamiyat

Тадбиркорлар йўлларга камералар ўрнатиши мумкин: бундан аҳолига қандай фойда?

'Тадбиркорлар йўлларга камералар ўрнатиши мумкин: бундан аҳолига қандай фойда?'ning rasmi

Аввал хабар қилганимиздек, “Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида 2021 йил 1 мартдан тадбиркорларга автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситалари ўрнатилишини ташкил этиш ҳуқуқи берилади.  

Адлия вазирилиги бу қарор нима учун кераклигига изоҳ берди.

 Маълумотларга кўра, бугунги кунда республикамизда мавжуд 551 та камера ва радарлар орқали биргина 2019 йилнинг ўзида 760 мингта қоидабузарликлар аниқланган. 2019 йилда 8588 та йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган ва шу даврда 2096 нафар инсон ЙТҲ оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Бу – йилига мингдан ортиқ инсон йўлларда ҳалок бўлди дегани.

Маълумот учун: йўлларга тезликни назорат қилувчи камералар ўрнатилиши оқибатида ўлимга олиб келадиган ЙТҲлар сони бутун дунёда 11–44 фоизга камайган!

ЙТҲ туфайли инсонларнинг жароҳат олиши эса 8–50 фоизгача тушган.

" - Ҳозир асосий мақсад, мана шу қора статистика кўрсаткичларини камайтириш, йўлларни тўлиқ назоратга олиш ва буни замонавий ахборот технологиялари орқали оптимал, камхаражат, юқори самарали тарзда амалга оширишдан иборат.

Бироқ ҳамма йўлларни, чорраҳаларни камера ва радарлар билан қамраб олиш катта маблағни талаб қилади ва бюджет бунча юкни кўтара олмайди. Ўзи дунёда ушбу соҳанинг хусусий секторга берилиши амалиёти кенг тарқалган.

Узоққа бормайлик, қўшни Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳри йўлларида

2020 йил 1 январдан бошлаб давлат-хусусий шериклик асосида фото ва видео орқали қоидабузарликларни қайд этиш ва таҳлил қилиш “Сергек” лойиҳаси жорий этилди. Россияда эса ушбу турдаги хизматларни амалга оширувчи “МВС групп” хусусий компанияси томонидан концессия шартномаси асосида амалга оширилган ишлар натижасида авария ҳолатлари сони 15-30 % гача камайган", дейилади вазирлик хабарида.

 

Адлия вазирлиги Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бошқармаси бошлиғи Шохидахон ЮЛДАШЕВА, тадбиркорларга йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини қайд этувчи техник ускуналарни ўрнатиш ҳуқуқи берилиши 4та афзаллигини санаб ўтди.

Биринчидан, барча соҳаларнинг давлат томонидан тартибга солиниши бозор иқтисодиётига асосланган, ривожланган жамиятларга хос эмас. Бошқарувда давлат иштирокини минималлаштириш, айрим давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш орқали давлатнинг маъмурий таъсирини қисқартириш ва бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш Маъмурий ислоҳотлар концепциясида ҳам назарда тутилган.

Жорий этилаётган тартиб ушбу мақсадга мувофиқ, унинг мантиқий тақозоси сифатида кўрилади.

Албатта, фото ва видео дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ҳуқуқи тадбиркорларга берилса-да, унинг устидан давлат назорати сақланиб қолади.

Оддий қилиб айтганда, техника тадбиркорники холос, жарима солиш тартиби, миқдори, тўлаш, ундириш ва ҳоказо мана шундай маъмурий процедуралар давлат назоратида сақланиб қолади.

Иккинчидан, бюджет маблағлари тежалади ҳамда бюджетга қўшимча манбалар яратилади.

Юқорида қайд этилганидек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча ҳудудларда фото ва видео дастурий-техник воситаларини ўрнатиш давлат бюджетидан улкан маблағлар талаб қилади. Қолаверса, йўлларни назорат қилувчи ЙПХ ходимларининг ойлик маоши, ижтимоий таъминоти ҳам бюджетга арзонга тушмайди. Бу эса ўз-ўзидан бошқа соҳаларнинг ривожланишига салбий таъсир ўтказади.

Мазкур соҳани хусусийлаштириш натижасида эса давлат бюджети харажатлари камайиб, даромади ортади. Хусусан, келгусида 190 та туман ва шаҳарларда жами 3 356 та интеллектуал видеокамералар ҳамда 763 та стационар радарлар ўрнатилиши режалаштирилган. Мазкур воситалар ёрдамида аниқланган ҳуқуқбузарликлар натижасида тўпланган жарималарнинг бир қисми давлат бюджетига йўналтирилади.

Учинчидан, соҳада коррупция ҳолатлари камаяди, чунки инсон омили деярли бўлмайди. Яъни ЙПХ ходими ҳамда ҳайдовчиларнинг ўзаро мулоқотда бўлмаслиги оқибатида, ушбу соҳадаги коррупцияга барҳам берилади. Жарималар бўйича тўпланган маблағлар айрим ходимларнинг эмас, жамият манфаатлари йўлида сарфланади.

Тўртинчидан, ҳар бир техник қурилма дислокацияси аниқ белгиланган бўлиб, тадбиркор истаган жойига уни ўрнатиб кетолмайди. Бу жойлар шаффоф тарзда электрон аукционда сотилади. Техник восита қайд этган маълумотлар, онлайн режимида тўғридан-тўғри ЙПХ марказий ахборот базасига келиб тушади. Яъни маълумотларга инсон аралашуви билан ўзгартириш киритиш ёки жараёнга бошқа тарзда таъсир ўтказиш имкони йўқ.

Бешинчидан, энг муҳими, йўлларда ЙТҲ камаяди, ҳаракат иштирокчиларида йўловчилик ва ҳайдовчилик маданияти ортади, ўлим ва жароҳатлар кўрсаткичи тушади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, кўзда тутилаётган ушбу тартиб бир томондан замон талаби ва эҳтиёж бўлса, бошқа томондан инсонлар ҳаёти ва соғлиғини, ҳайдовчиларнинг мулкини асрашни назарда тутувчи ечимдир. Қолаверса, ушбу тартиб орқали тадбиркорларга янги имкониятлар яратилишини ҳам эътироф этиш жоиз.
 

    Бошқа янгиликлар