Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш масалалари танқидий таҳлил қилинмоқда.
Маълум қилинишича, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда газ таъминотида суткасига 20 миллион куб метр танқислик мавжуд. Оқибатда мингдан зиёд маҳаллада табиий газ босими пасайган.
– Газ тизими билан боғлиқ муаммолар бугун юзага келмагани, балки ўттиз йилдан бери бизни қийнаб келаётганидан барчамиз хабардормиз. Лекин буни баҳона қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Халқимизга газ керак, уларнинг кўпчилиги бунинг учун тўловларни ўз вақтида ҳалол қилиб, тўлаб келмоқда, – деди Президент.
Давлат раҳбари газ экспортини қисқартириб, аввало аҳоли эҳтиёжларини қондириш юзасидан кўрсатма берди. Бунинг ҳисобига кунига 7-8 миллион куб метр табиий газ қўшимча равишда ҳудудларга йўналтирилади. Шунингдек, аҳоли эҳтиёжини қоплаш учун яна 217 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш вазифаси қўйилди.
Самарасиз ишлаётган 25 та конни инвесторларга “риск-сервис контракт” шартлари асосида бериб, табиий газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш мумкинлиги айтилди.
Жойларда кўмир билан боғлиқ эътирозлар ҳам бор. Аҳоли ва ижтимоий объектлар учун ажратилган маҳаллий кўмирнинг 60 минг тоннаси ҳали эгаларига етказиб берилмагани кўрсатиб ўтилди.
Йиғилиш давом этмоқда.