АсосийJamiyat

Судьялар Олий кенгаши Олтиариқдаги воқеа юзасидан расмий баёнот берди

'Судьялар Олий кенгаши Олтиариқдаги воқеа юзасидан расмий баёнот берди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда жиноят ишлари бўйича Олтиариқ тумани судида кўрилаётган жиноят иши бўйича "репортаж" эълон қилинди. Мазкур воқеа юзасидан Судьялар Олий кенгаши расмий баёнот берди. Бу ҳақда сайтимизга Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати хабар қилди...

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши "Олтиариқлик она чидаб туролмади, судьяни қарғаб ташлади" номи остида эълон қилинган мазкур медиамаҳсулотни судга нисбатан босим, судьянинг шаъни, қадр-қиммати ва дахлсизлигига қилинган тажовуз, деб ҳисоблайди.

Судга нисбатан ҳар қандай кўринишда таъсир ўтказиш қонун билан таъқиқланган. Ҳали суд мажлиси якунига етмай унинг натижасини олдиндан башорат қилиш хусусида ҳам гап шу. Ижтимоий тармоқда эълон қилинган "репортаж"да  ҳали якунига етмаган суд мажлиси ҳақида сўз юритилар экан, "суддан адолат талаби" бот-бот такрорланади. Ҳолбуки, судьянинг қандай хатти-ҳаракати томонларда шубҳа уйғотаётгани, қандай аниқ сабабларга кўра, норози бўлинаётгани ҳақида аниқ гап йўқ. Мабодо, шундай ҳолат рўй берган тақдирда эътироз билдиришнинг қонуний тартиблари бор. Унга риоя этиш  шарт. 

Тасаввурга сиғмас яна бир ҳолат шуки, блогер томонидан жабрланувчи томонга "судда коррупция бўлмаятими?" мазмунида йўнатилтирувчи савол берилади ва бунга "ҳа, коррупция бўляпти, эшитяпмиз", мазмунида жавоб олади. Бунақа интервьюлар жамоатчиликда нотўғри тасаввур шаклланишига, суднинг холислигига асоссиз шубҳа туғдириш баробарида судьяга нисбатан босим пайдо қилиши эҳтимоли катта. Блогерларнинг бундай хатти-ҳаракатлари ҳуқуқий саводсизликдан ташқари, жамиятимизда тобора шаклланиб бораётган сўз эркинлигини суиистеъмол қилишдан бошқа нарса эмас. Бу эса ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланишига сабаб бўлиши мумкин. 

Судьялар Олий кенгаши матбуот хизмати алоҳида таъкидлайдики, очиқ суд мажлисларида журналист ёки блогерларнинг иштирок этишига ҳеч қандай монелик йўқ. Жараённи видео тасвирга олишга рухсат этиш-этмаслик масаласини (томонларнинг фикрини инобатга олган ҳолда) судга раислик этувчимустақил ҳал қилади. Қонун талаби шундай.

Айни пайтда судда ёш йигитнинг (21 ёш) ўлими билан якун топган жанжалга оид жиноят иши кўриб чиқилмоқда. Иш бўйича тўрт нафар судланувчи Жиноят кодексининг 104-моддаси 3 қисми "д" банди (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўладиган даражада қасддан баданга оғир шикаст етказиш) ва 127-модда 3-қисми (вояга етмаган шахсни жиноят қилишга жалб этиш) айб эълон қилинган бўлиб, уларнинг барчасига "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилган.

Кўринадики, жиноят иши ўта жиддий ва нозик. Бундай ҳолатда ахборот воситалари орқали олдиндан турли асоссиз фаразлар билдирилиши суднинг дахлсизлигига таъсир этувчи салбий омилдан биридир. 

Амалдаги қонунларга ҳурмат ва итоаткорлик барча учун бир хил талаб ҳисобланади.

    Бошқа янгиликлар