Депутат Расул Кушербаев бу сафар мулк ҳуқуқи, қонун ва судлар ҳақида озгина фикр юритди.
"Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини таъминлашга Конституция ва қонунлар тўлиқ кафолат берган. Бироқ қонун кафолат бергани билан масъулларга уни қўллаш учун «журъат ва инсоф» бермаса қийин экан. Масалан Тошкент шаҳри, Учтепа туманидан тадбиркор А.Махкамовнинг мурожаатини ўрганиш давомида бунга яна бир бор амин бўлдим.
Қизиғи шундаки, тадбиркор қандайдир ҳоким эмас балки нақд Ҳукумат, яъни Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 7 сентябрдаги 420-сонли «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан сотувга қўйилган «Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтининг Сунъий иқлим яратиш лабораторияси корпуси»ни қонун ҳужжатларига мувофиқ 2006 йилда сотиб олиб хусусийлаштирган. Унгача бинога икки йил давомида ҳаридор топилмаган.
Сўнг бинони таъмирлаб, Хитой халқ республикасидан замонавий асбоб-ускуналар келтириб чинни буюмлар ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйган ва шу орқали 40 га яқин ишчи ўринлари яратишга муваффақ бўлган.
Аммо ишлар зўр кетаётганини кўрган баъзи «биров»ларнинг иштахаси очилиб, жойни «рейдерлик йўли билан тортиб олишга ўтади». Ва орадан 11 йил ўтган бўлса ҳам «мулкни тортиб олиш операцияси» доирасида 2017 йилнинг 1 августида кутилмаганда Давлат рақобат қўмитаси бинонинг олди-сотдиси билан боғлиқ барча ҳужжатларни ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида Тошкент туманлараро Иқтисодий судига даъво аризаси киритади. Аризага асос сифатида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги лаборатория корпусининг ертўла қисмидаги иккита хонада гўёки нурланиш мавжудлигини аниқлаган.
Ўз ўрнида суд тадбиркорнинг виждонли сотиб олувчи фуқаро сифатидаги устун ҳуқуқларини инобатга олмай даъвони қаноатлантириб, тадбиркордан бино тортиб олинган. Барча инстанция судлари тадбиркорнинг ариза ва шикоятларини рад этиб келган.
Ҳайрон қоларлиси фуқаро ҳукумат қарори асосида сотилган мулкка эгалик қилган. Ҳукумат шунчаки ўйнаб қарор қабул қиладими? Орадан 11 йил ўтиб уйғонган Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳукумат қарор қабул қилаётганда кўзи қаёқда эди?
Қизиғи суд агарда Ҳукумат қарори нотўғри қабул қилинган деб топган тақдирда, бунинг натижасида тадбиркорга етказилган зарарни ҳукуматдан қоплатиб, ўша вақтда нотўғри қарор қабул қилган ҳукумат раҳбари ва бошқа айбдорларга чора кўриш масаласига нега ҳуқуқий бахо бермаган?
Кулгилиси тадбиркорга тегишли бинонинг ертўла қисмидаги иккита хонада Фавқулодда вазиятлар вазирлиги нурланиш мавжудлигини аниқлаган ва шу сабаб билан бино тортиб олинганди. Бироқ бино тортиб олингач, нурланиш унутилиб, бино бошқа тадбиркорларга фойдаланишга бериб юборилган. Бунақа безбетликка қойил қолмай илож йўқ.
Маълумот ўрнида «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддасида «Давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиздир. Хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ва бекор қилинмайди» деб белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Президентнинг 2017 йил 16 июндаги «Давлат мулки объектларини сотиш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ 3067-сонли Қарори 2-бандида «Хусусийлаштирилмайдиган, стратегик давлат мулки объектларининг ягона рўйхати» 1-иловага мувофиқ тасдиқланган бўлиб, унда фуқаро А.Махкамов томонидан сотиб олинган «Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтининг Сунъий иқлим яратиш лабораторияси корпуси» киритилмаган.
Хуллас бу ишлардан аниқ «бир нарса»нинг ҳиди келиб турибди.
Эҳ қонунлар, қонунлар...
Мазкур масалада Бош прокурор, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Президент ҳузуридаги Бизнес Омбудсманга мурожаат киритдик. Умид қиламизки, қонунлар ўз мақсади йўлида тўғри қўлланилиб, ҳеч бир «заказ»ларсиз тадбиркор қонуний мулкига қайта эгалик қилади.
Яшасин қонунлари устувор давлат, йўқолсин «заказ»лар билан ишлайдиган жамият!", дея ёзиб қолдирган Кушербаев.






