Жорий йилнинг 4 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг Ҳаж делегацияси Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж вазири Бандар Ҳажжор билан учрашди, деб хабар беради Дин ишлари бўйича қўмита расмий сайти.
Учрашувда ўтган йилги Ҳаж мавсуми натижалари ва келаси Ҳаж мавсумидаги ўзаро вазифалар белгилаб олинди.
Доктор Бандар Ҳажжор Ўзбекистон ҳожиларига сафар олдидан ватанларида Ҳаж ибодатлари ва ташкилий масалалар бўйича машғулотлар ўтилиши, гуруҳ раҳбарлари, ишчи гуруҳи ва тиббиёт ходимлари Ҳаж мавсумини чиройли ўтишига сабаб бўлаётганини билдирди. Бунинг учун Ўзбекистон делегациясига ташаккур изҳор қилди. Доктор Бандар Ҳажжор ўзбекистонлик ҳожиларнинг ер юзидан келадиган ҳожилар ичида намунали зиёратчилардан эканлигини таъкидлади.
Келаси Ҳаж мавсумига томонлар Ўзбекистон ҳожиларига кўрсатиладиган хизматларни бунданда чиройли ва намунали бўлишига кўриладиган чораларни белгилаб олди.
Ўзбекистон томонидан учрашувда шунингдек, Ҳаж ва умра ишлари бўйича атташе Зафар Абдуллаэв хамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг Саудия Арабистонидаги вакили Мухтор Хаитов иштирок этди.
Саудия томонидан учрашувда Ҳаж вазирлиги бошқарма бошлиқлари, Ташқи ва ички ишлар вазирликлари вакиллари иштирок этишди.
Келаси мавсумда Ўзбекистондан 5200 киши Ҳаж ибодатини адо этишларига келишиб олинди.





