АсосийMadaniyat

Элчи Меҳмет Сурайё Эр жаноблари: Навоий ҳикматларидан баҳрамандлик истаги Туркия олимларининг ҳам катта орзуси

'Элчи Меҳмет Сурайё Эр жаноблари: Навоий ҳикматларидан баҳрамандлик истаги Туркия олимларининг ҳам катта орзуси'ning rasmi

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили  ва адабиёти университетида Ҳазрат мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган илмий конференция бўлиб ўтди. Унда Туркия Республиксининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эр жаноблари нутқ сўзлади. 

"Туркий оламнинг буюк алломаси, туркий тилнинг жонкуяри Ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган ушбу конференцияда нутқ сўзлаётганимдан жуда мамнунман. Менга бу имкониятни тақдим этган барчага, хусусан, Алишер Навоий номидаги Тошкент ўзбек тили ва адабиёти университетига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Марказий Осиёда туркий тил ва адабиётнинг ривожланишида хизматлари беқиёс бўлган Ҳазрат Алишер Навоийнинг ҳазинаси бутун турк дунёсининг умумий маънавий қадрияти сифатида эъзозланиб, ҳали ҳамон ўрганиб келинмоқда. У кишининг ўлмас асарлари мағриб-у машриқда, жумладан Туркияда ижод қилаётган адабиётшунос ва тилшунос олимларни ҳам бирлаштириб туради. Асарлари фақатгина Туркистонда эмас, Афғонистонда ҳам, Озарбайжонда ҳам, Анадолуда ҳам катта ҳайрат билан ўқилган Алишер Навоий ҳазратларини XV аср Усмоний шоирлари ўзларининг устози деб билганлар, шеърларига назиралар битганлар. Усмоний султонларимиз, подшоҳларимиз Навоийдек шеър ёзишни, ғазал ўқишни катта санъат деб ҳисоблаганлар. Буюк тарихчи олим Фуад Кўпрулунинг таъкидлашича, “Усмонийлар империясининг Будиндан Басрагача бўлган кенг ҳудуддаги барча катта марказларида Навоий асарларини доим мутолаа қилишган, шоирлар тақлидан шъерлар битишган. Ўша даврда озми- кўпми адабиётга ихлоси бор кишининг Навоийни ўқимаган бўлиши мумкин эмас эди." Навоий ижодига бундай қизиқиш вақт ҳукмига бўйсунмайди, ҳазрат асарларига ошино бўлиш, ҳикматларидан баҳрамандлик истаги ҳозирги Туркия олимларининг ҳам катта орзусидир.

Навоий ўз асарларида улуғлаган, салобати ва жозибасини кўрсатиб берган ва “Навоий тили” деб аталган чиғатой лаҳжаси асосида ривожланган Ўзбек тили бугун ҳам унда битилган асарлар билан бутун гўзаллигини намоён этмоқда, қадри ошиб бормоқда. Шу ўринда  Президент жаноб Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидек юксак минбардаги маърузаларини ўзбек тилида сўзлаганликлари бутун турк олами учун бахт ва ғурур манбаи бўлганини яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман.

Президент жаноб Шавкат Мирзиёев ўтган йили октябр ойида имзолаган фармонлари билан Алишер Навоий Ҳазратлари таваллудининг 580 йиллигининг муносиб нишонланиши учун бир йўл харитасини белгилаб берган эдилар. Куни кеча Президентимиз жаноб Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан имзоланган Қарор билан 2021 йил-Юнус Эмре ва Турк тили йили деб эълон қилинди. Бундан ташқари Ўзбекистоннинг ҳам қўллаб-қувватлашлари билан Юнус Эмре вафотининг 700 йиллиги ЮНЕСКОнинг 2021 йилда нишонланадиган саналар рўйхатига киритилди. Президентларимизнинг ташаббуслари ва шахсий кўрсатмалари билан 2021 йилда умумий меросимизнинг бу икки буюк сиймосининг хотираси учун биргаликда катта ишларни амалга оширирамиз, қўшма лойиҳалар, илмий тадқиқотлар ва халқаро анжуманлар орқали биз ўз умумий бойлигимизни сақлаб қолишда давом этамиз ва айниқса, ёш авлоднинг дунё миқёсида ўзбек тилига бўлган қизиқишини оширамиз.

Юнус Эмренинг ҳам ғарб, ҳам шарқ адабиётининг энг буюк асарларини ўзбек тилига бирдек катта маҳорат билан ўгирган улуғ шоир, турк дунёсининг ифтихори,  Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол томонидан ўзбек тилига таржима қилинган

“Юнус бу созларни айтар,

Гўё асалга мой қотар,

Халққа матоларин сотар,

Моли гавҳардир, туз эмас.”

мисраларида “асални мойга қотгандек” гўзал сўзлар айтганини, бу сўзларининг гавҳар янглиғ қийматли эканлигини таъкидлаганидек, Навоий ҳам номи ва асарларининг мангу яшаб қолишига ишонган эди. Шоирнинг 

“Умидим улдурки ва ҳаёлимга андоқ келур ки, сўзим мартабаси авждан қуйи энмагай”

 деб ёзганлари ижобат бўлиб, шоир сўзлари  XXI асрда ҳам дунё бўйлаб ўзиниг юксак парвозини давом эттирмоқда...

Мен барчангизни буюк мутафаккир Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан табриклайман ва ушбу илмий анжуманнинг натижалари ўзбек тили ва бутун турк олами учун фойдали бўлишини тилаб қоламан", дея ўз нутқини табрик билан якунладиЭлчи жаноблари.

    Бошқа янгиликлар