АсосийJamiyat

“Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақалари бошланмоқда

Жорий йилнинг февраль-май ойларида республиканинг барча чегараолди ҳудудларида жойлашган  ўрта-махсус ўқув муассасалари ўқувчилари ўртасида «Ёш чегарачилар» ҳарбий ватанпарварлик мусобақалари бўлиб ўтади. 

Ушбу мусобақаларни ўтказишда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асос бўлиб хизмат қилади. 

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик  хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси, “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва бошқа бир қатор идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган ушбу танловнинг  асосий мақсади ўқувчи ёшларни Ватанга муҳаббат, ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, ҳарбий ватанпарварлик ғояларини тарғиб этиш, уларни чегара хизматига босқичма-босқич тайёрлашдан иборат.

Мусобақалар  Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда  вилоятлардаги касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчилари ўртасида уч босқичда  ўтказилади. Чирчиқ шаҳрида ўтадиган якуний босқичда ҳудудлардан сараланган 13 та жамоа жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик, Президент асарлари, ҳуқуқий саводхонлик, инглиз тили каби йўналишларда ўз куч ва билимларини намойиш этишади. 

Ғолиблар ташкилотчиларнинг медаль ва дипломлари, эсдалик совғалари билан тақдирланадилар.

    Бошқа янгиликлар