"Даракчи" таҳририятига Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро М.Саидкаримовадан мурожаат келиб тушди:
— Судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, суд қарорларини интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилганди. Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш мақсадида Президентимизнинг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, фуқароларнинг қайси оворагарчиликларига чек қўйилади?
Фуқаронинг мурожаатига жавоб олиш мақсадида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Фаррух ТЎРАХОДЖАЕВ билан боғландик...
— Қарорга мувофиқ, суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланди:
- Ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш;
- суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан, мобиль қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш;
- иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш.
Шунингдек, мазкур қарор билан 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастурига кўра,
- Барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш;
- барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш;
- суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш;
- суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш, судларнинг ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш каби чора-тадбирлар белгиланди.
Қарор билан тасдиқланган, юқорида кўрсатиб ўтилган йўл харитаси асосида эса:
- муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш;
- судлар томонидан жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва бошқа ахборот тизимларининг интеграцияси орқали фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар билан танишиш;
- судлар томонидан алимент миқдорини белгилашда туманлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумотларни ахборот тизими орқали электрон шаклда олиш каби вазифалар белгиланди.
Эндиликда Олий суд ахборот тизими билан давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали жисмоний ва юридик шахслар ҳақидаги мавжуд маълумотлар судларнинг электрон сўрови бўйича бепул асосда тақдим этилади.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА