АсосийЖамият

Сурхондарёда автомактабларга лицензия бериш тўхтаб қолгани бўйича ЙҲХХга  сенатор сўрови юборилди

Вилоят фуқаролари имтиҳон топшириш учун Қашқадарёга боришга мажбур бўлмоқда.

'Сурхондарёда автомактабларга лицензия бериш тўхтаб қолгани бўйича ЙҲХХга  сенатор сўрови юборилди'ning rasmi

2023 йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонунга асосан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш соҳасида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензиялаш ваколати Ички ишлар вазирлигига ўтказилди.

Ушбу Қонун билан ҳайдовчиларни тайёрловчи таълим субъектларига лицензия бериш ва уларнинг фаолиятини назорат қилишнинг ягона тизими яратилди.

Бироқ ишлар барча ҳудудларда ҳам тизимли йўлга қўйилмаганлиги сабабли соҳада ўз ечимини кутаётган айрим масалалар ҳам мавжуд.

Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш соҳасида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензиялаш ваколати Ички ишлар вазирлигига ўтказилган бўлсада, бугунги кунга қадар Сурхондарё вилоятидаги бирорта автомактаб фаолияти лицензияланмаган. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, ҳайдовчиларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш соҳасида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензиялаш ваколати Ички ишлар вазирлигига ўтказилгунига қадар Сурхондарё вилояти бўйича лицензия олиб, фаолият юритган тадбиркорлик субъектлари сони 48 тани ташкил этган. Улар томонидан фақатгина 2023 йилнинг ўзида 18 641 нафар ҳайдовчилар тайёрланган. Бугунги кунда эса Ички ишлар вазирлиги томонидан лицензия бериш масаласи ҳал қилинмаётганлиги сабабли ҳайдовчиларни тайёрлаш ишлари амалга оширилмаяпти.

Шунингдек, Сурхондарё вилояти ҳудудида жойлашган автомототранспорт воситаларини бошқариш учун номзодлардан имтиҳон олиш автодромлари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 май кунидаги 272-сонли қарори ҳамда Ички ишлар вазирлигининг 2024 йил 18 январдаги 27-сон буйруғи талабларига мувофиқ келмаганлиги сабабли номзодларни имтиҳонлардан ўтказиш ишлари тўхтатилган.

Бунинг оқибатида илгари автомактабларда ўқиган ёки ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун қайта имтиҳон топшириши лозим бўлган фуқаролар имтиҳонларни топшириш учун Қашқадарё вилоятига боришга мажбур бўлмоқда. Бу ҳолат фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Бу каби ҳолатлар қабул қилинган қонунларнинг ижросини таъминлашда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан етарли эътибор қаратилмаётганлигидан далолат бериб, автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш бўйича зарур чоралар кўришни тақозо этади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси томонидан  транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрловчи ҳамда қайта тайёрловчи автомактаблар фаолиятини лицензиялаш, Сурхондарё вилоятида жойлашган имтиҳон олиш автодроми фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда болаларда йўл ҳаракати қоидалари бўйича етарли кўникмаларни шакллантириш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш мақсадида олиб борилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг режалари юзасидан жорий йилнинг 14 январига қадар асослантирилган тушунтиришлар бериш бўйича сенатор сўрови юборилди.

Сенатор сўрови натижалари Сенат расмий сайтида эълон қилинади.

    Бошқа янгиликлар