1

Депутатлар Омбудсман ҳисоботини эшитдилар

ЖАМИЯТ 17.02.2016, 06:39
Депутатлар Омбудсман ҳисоботини эшитдилар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитдилар. 

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати маълумот берди.

Парламент қуйи палатаси мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар дастлаб сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг мажлисларида муҳокама этилиб, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган эди. 

Мажлисда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳисобот билан сўзга чиқди. 

Таъкидландики, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга кўмаклашиш, уларга риоя этилиши мониторингини амалга ошириш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳолининг ва давлат органлари вакилларининг ҳуқуқий онги ва хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш ҳисобот йилида Омбудсман фаолиятининг асосий йўналишлари бўлди. 

Фаолият Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўмиталари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан яқин ҳамкорликда олиб борилди. Омбудсман, шунингдек, парламентнинг назорат-таҳлил тадбирларида иштирок этди. Очиқлик ва шаффофликни таъминлашда иштирок этиш, амнистия акти қўлланилишини мониторинг қилиш Омбудсман ва унинг ҳудудий вакиллари фаолиятида алоҳида ўрин тутди. 

Омбудсманнинг фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича фаолияти «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги ҳамда «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунлар нормаларига қатъий мувофиқликда амалга оширилди. Фуқаролар Омбудсманга умумий ва электрон почта орқали, шунингдек, «ишонч телефони» орқали, шахсан қабул қилиш ва жойлардаги учрашувлар давомида мурожаат этдилар. 

Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ва мансабдор шахсларнинг ҳабардорлигини ошириш мақсадида Омбудсман ҳисобот йилида бир қатор ахборот-маърифий тадбирлар – семинарлар, тренинглар, давра суҳбатлари, конференциялар ўтказди, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларни ташкил этди, ноширлик фаолиятида иштирок этди. 

Омбудсманнинг халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш хорижий ҳамкорлар билан ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама асосдаги алоқаларни кенгайтириш йўли билан амалга оширилди. 

Савол-жавоблардан кейин Омбудсман ҳисоботининг батафсил муҳокамаси бўлиб ўтди, муҳокама давомида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар. 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1