Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти марказий кенгаши ва Ёшлар ишлари агентлиги раҳбарларининг республикамиз ёшларига қўшма мурожаатномаси эълон қилинди.
Дастлаб ижод саройи ҳовлисида «Ватанпарвар» ташкилоти томонидан ҳайдовчилар тайёрлашда фойдаланиладиган автомототранспорт воситалари ва спорт жиҳозларининг намойиши йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди. Сарой фойесида эса техник ва амалий спорт турлари бўйича кўргазма ҳамда спорт мураббийларининг маҳорат дарслари ташкил этилди.
Шундан сўнг ялпи йиғилишда икки ташкилот ўртасида ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мурожаатда қайд этилишича, жорий йилнинг 1 апрелидан республикамиз миқёсида «Ёшлар дафтари»га киритилган ҳамда муҳтож оилалар фарзандлари «Ватанпарвар» ташкилотининг ўқув муассасаларида «ВС» тоифали ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича бепул ўқитилиши йўлга қўйилади. Мазкур лойиҳа асосида ўқишга қабул қилинувчилар рўйхати бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тақдим этилади.

Қўшма мурожаат якунида автоспорт, авиамодель, ракетамодель, кемамодель, мотокросс, радиоспорт, картинг, триатлон, ёзги биатлон, пневматик милтиқдан ўқ отиш бўйича 2020 йилнинг энг яхши спортчилари ҳамда «Ватанпарвар» ташкилотининг энг илғор мураббийлари сертификат ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.






